Линклар

Олмаотада митинг бўлди


Мамлакатда озиқ-овқат ва нон маҳсулотлари, транспорт ва коммунал хизматлар нархи ошиб бораётганидан тоқати-тоқ бўлган олмаоталиклар норозилик митинги ўтказди.

Олмаота шаҳри ҳокимлиги рухсати билан ўтказилган бу тадбир мухолифатдаги Социл демократик партия ва “Ҳақиқий оқ йўл” партияси томонидан уюштирилди.

СДП раиси ўринбосари Амиржон Қосанов митингга тўпланганлар ҳукумат мамлакатда нарх-наво ошишини назорат қила олмаса, унинг истеъфосини талаб қилишини билдирди.

Олмаотадаги митингга, асосан, аҳолининг кам таъминланган қатлами вакиллари ва нафақахўрлар иштирок этди.

Митингда сўзга чиққан кўп болали она Насибхон Жамбатоева мамлакатда қимматчилик бошлангандан сўнг кўп болали оилалар ва нафақадаги кишиларнинг аҳволи оғирлашганини таъкидлади.

“11 минг танга пенсия оламан. Эрим ҳам нафақада. Шу пулга олти фарзандни боқяпмиз. Уларнинг учтаси талаба, учтаси ўқувчи. Бундай қимматчиликда уларни қандай боқиш мумкин? Ҳукумат биз каби оддий халқнинг аҳволини ўйлаш ўрнига бойларнинг тартибсизлик, ҳақсизлик қилишига йўл очиб бермоқда. Эртага мамлакат тақдири нима бўлади”, - деди Н.Жамбатова.

СДП раиси Жармахон Туёқбой норозилик тадбири амалдаги ҳукуматнинг нарх-наво ошишига томошабин бўлиб туришига эътироз билдириш мақсадида ўтказилаётганини айтди.

Олмаотада бўлиб ўтган норозилик митингида мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан келган фуқаролар ҳам қатнашди.

Манғистов вилоятидан келган 71 ёшли кекса киши президент Нурсултон Назарбоев халқ манфаатини ўйламаётгани, мамлакат бойлиги эл фаровонлиги йўлида сарфланмаётгани, шунинг учун аҳоли митингга чиққанини таъкидлади.

2 минг киши иштирок этган митинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодимларининг қаттиқ назорати остида ўтди.
XS
SM
MD
LG