Линклар

Хабарларга кўра, Ўзбекистонда амалдаги президент Ислом Каримовни сайлов ўтказмасдан давлат раҳбарлигига қолдириш учун умумхалқ илтимосномасига имзо йиғиш кампанияси бошланган.

Маълум бўлишича, марказий телевидениеда Ўзбекистон металлургия комбинатидаги имзо йиғиш тадбирлари ҳақида лавҳа кўрсатилган. Комбинат бош директори Александр Фармонов корхона тизимидаги барча бўлим раҳбарларини йиғиб, уларга қўл остидаги хизматчи ва ходимлардан И.Каримовни яна етти йил муддатга ҳокимият тепасида қолдириш тўғрисидаги мурожаатга имзо йиғишни буюрган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳтам Шоймардоновнинг айтишича, “Ўзметкомбинат” мамлакатдаги учта энг йирик корхонанинг бири саналади, унда ўн мингдан зиёд ишчи ва хизматчи меҳнат қилади.

“Комбинатда бошланган бу кампания бутун мамлакатга ëйилмоқда. Ҳатто шифохоналардаги беморларни ҳам олдин илтимосномага қўл қўйдириб кейин даволашмоқда”, - дейди А.Шоймардонов.

Хоразм ва Қорақалпоғистондаги билим даргоҳлари ва корхоналарда ҳам шунга ўхшаш тадбирлар ўтказилаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Мустақил журналист Носир Зокир И.Каримовдан ўз лавозимида қолиш сўралган қоғозларга имзо йиғиш ишлари Фарғона водийсидаги корхоналарда ҳам бошланганини билдирди.

“Мурожаатга имзо чекишни истамаганларга қарши ҳар қандай мавжуд усуллар билан қатағонлар ўтказишга рухсат этилган. Агар биров қўл қўймаса, пес-мохов каби жамоада яккалаб қўйилади. Раҳбар уни бармоғи билан ниқтаб кўрсатади”, - деди Носир Зокир.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, гарчи одамлар И.Каримовга қарши бўлса-да, улар қўрқув сабабли бу қоғозларга имзо чекмоқда. Ҳозир Марказий сайлов комиссияси президент девони топшириғи билан сайлов ўрнига умумхалқ референдуми ўтказиш тўғрисидаги қарорга келиши эҳтимоли катта.

Таҳлилчи Камолидин Раббимовнинг таъкидича эса ҳукумат ўзига қарши йўналтирилган ахборот босимига аҳоли имзосини йиғиш орқали жавоб беришга қарор қилган кўринади.

“Мана, халқ хоҳламоқда, шунинг учун учинчи маротаба сайлансам ҳам бўлаверади, деган мужда бор бу ерда”, - дейди К.Раббимов.
XS
SM
MD
LG