Линклар

Роҳат Алиев собиқ қайнотасига қарши уруш очди


Қозоғистондаги “Куб.кз” сайти президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиевни ёмонотлиқ қилиш мақсадида президент командаси юритаётган тарғибот ҳақидаги шов-шувли маълумотни эълон қилди.

Унда президент яқинларининг телефон сўзлашувлари берилган. “Куб.кз”га бу материаллар Мустақил текширувлар агентлиги томонидан тақдим этилган.

“Нурбанк” ходимларининг ўғирланиши ва йирик иқтисодий жиноятларда айблангандан сўнг куёвлик мартабасидан маҳрум бўлган Р.Алиев ўзига қарши бундай айбловлар қайнотасига 2012 йилда президент бўлиш орзусини маълум қилгандан сўнг бошланганини айтиб келади.

Р.Алиев ўзини ёмонотлиқ қилиш шахсан президент топшириғи билан амалга оширилаётганини таъкидлаётир. “Куб.кз”да эълон қилинган телефон сўзлашувлари унинг бу гапларига тасдиқ вазифасини ўтайди.

Телефон сўзлашувларидан бири, “Куб.кз”да таъкидланишича, Қозоғистон Сенатининг собиқ спикери Нуртой Абикаев ва президент девони ишлар бошқармаси собиқ раҳбари Владимир Ни ўртасида бўлиб ўтган.

Унда Р.Алиев қандай одам бўлишидан қатъи назар, мамлакатда унга қарши бошланган тарғибот охиригача етказилиши кераклиги ҳақида сўз боради.

Навбатдаги телефон сўзлашуви эса гўёки Владимир Ни билан Қозоғистон бош вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири Аҳмаджон Есимов ўртасида бўлиб ўтган. Унда Р.Алиевга қарши кампания сал хато билан бошлангани, аввало, уни Австриядан Қозоғистонга алдаб чақириб олиш ва шундан кейин йўқ қилиш кераклиги ҳақида гапирилади. Шунингдек, суҳбатдан Р.Алиевнинг Австриядан туриб Қозоғистондаги амалдорлар ҳақида турли маълумотлар тарқатишидан хавфсираш билинади.

Президент маъмуриятидаги амалдорларнинг телефон сўзлашувлари ким ёзиб олгани ҳақида турли тахминлар юрибди. Қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Евгений Жовтис бу ишда мамлакат махсус хизматларининг қўли борлигига ишонади.

“Телефон суҳбатини яширин ёзиб олиш қонунга зид. Қолаверса, бу махсус хизматлар мутлақо назоратсиз эканидан ҳам дарак беради. Шунга қарамай, мен президент маъмурияти амлдорларининг суҳбатлари эълон қилинганини оқлайман. Уларнинг суҳбатини эшитсангиз, худди уюшган жиноий гуруҳлар вакиллари гурунгига ўхшайди. Бу маълумот мамлакат қандай ҳукуматга эга эканини билиш учун жуда муҳим”, - дейди Е.Жовтис.

Мустақил журналист Сергей Дуванов фикрича, президент маъмурияти амалдорларининг телефон сўзлашувларини жамоатчиликка ошкор этиш Р.Алиевнинг ишидир.

“У Қозоғистон ҳукуматига уруш эълон қилди ва ҳукумат қандай усуллар билан курашаётган бўлса, уларга қарши шундай усуллардан фойдаланмоқда”, - деди С.Дуванов.

Айни пайтда Қозоғистон ҳудудида "Куб.кз" сайтига тўсиқ қўйилган.
XS
SM
MD
LG