Линклар

logo-print

Лукашенконинг яҳудийларни ҳақоратлаши ўз бошига ғалва бўлди

  • Сарвар Усмон

Беларус президенти Александр Лукашенконинг Бобруйск шаҳри, аниқроғи, бу шаҳарда бир вақтлар кўпчиликни ташкил этган яҳудийлар шаънига айтган гаплари расмий Минскнинг Исроил билан муносабатлари таранглашишига олиб келди.

А.Лукашенко 12 октябрь куни мамлакат радиосидан Бобруйск шаҳри тўғрисида гапириб, у бир вақтлар чўчқахона каби бўлганини таъкидлаганди.

“Бобруйскда бўлган бўлсангиз, кўргандирсиз, оёқ босишга қўрқардингиз, чўчқахона эди. У ерда, асосан, яҳудийлар яшарди. Яҳудийларнинг эса яшаган жойини қанақа тутишини биласиз. Мен уларни хафа қилмоқчимасман, лекин, тўғриси, уларнинг ҳовлига москваликлар, руслар, беларуслардай қараганини кўрган эмасман”, - деганди Беларус президенти.

Чиндан ҳам ҳар қандай миллатга тегиб кетадиган ҳақорат бу.

Исроил расмийлари ва мамлакатдаги яҳудийлар жамоалари етакчилари президентнинг бу гапларидан кейин Беларусда аксилсемит кайфиятлар кучаяётгани тўғрисида гапира бошлади.

Исроилнинг Беларусдаги элчиси Зеев бен Ари “Озодлик” радиосига берган интервьюсида А.Лукашенконинг гапидан “яҳудийлар тўғрисидаги қадимий аксиляҳудий қарашларнинг ҳиди келиб тургани”ни билдирди.

Норозилик ифодаси сифатида Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг Минскдаги элчисини чақириб олмоқчи бўлди-ю, иш бу даражага етиб бормади. Лекин Беларуснинг Исроилдаги элчиси вазирликка чақирилиб, президенти гапига норозилик изҳор этилди.

Беларус президентининг ҳақоратомуз гапини бир қанча давлат арбоблари қоралади.

Европа кенгаши парламент ассамблеяси раиси Рене ван дер Линден ҳам А.Лукашенкони кескин танқид қилиб, уни кечирим сўрашга чақирди.

Аслида Беларусда яҳудийлар кўп эмас. Расмий статистика маълумотларига қараганда, 28 минг киши, холос. Аҳолининг 80 фоизи православ, 14 фоизи католик насронийлардир.

А.Лукашенконинг нима учун яҳудийларга ташланиб қолганини кузатувчилар тушуна олмаяпти. Ёки бу Беларусда аксилсемит кайфиятлар кучаяётгани аломатими?

Беларуснинг Исроилдаги элчиси Игорь Лешеня А.Лукашенко гапларида аксилсемит мазмун борлигини инкор этиб, “Беларус ва аксилсемитлик бир- бирини инкор этувчи тушунчалар” эканини билдирди.

Лекин беларуслик журналист Валерий Карбалевичнинг айтишича, А.Лукашенко яҳудийларга қарши биринчи марта фикр билдираётгани йўқ.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Совет Иттифоқида 10 миллион, шу жумладан, Беларусда бир миллион яҳудий яшаган.

Фашистлар Беларусни босиб турган йилларда бу мамлакатдаги 1 миллион яҳудийнинг қарийб 800 мингги ўлдирилган. Улар яшаган шаҳарлар, хусусан, А.Лукашенко айтган Бобруйск шаҳри ҳам ё меҳнат лагерларига, ёки оммавий қабристонларга айтантирилган эди.
XS
SM
MD
LG