Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:44

Қотилликда айбланаётган ўзбек қочқини устидан суд бошланди


22 октябрь куни Норвегияда истиқомат қилаётган, ўз хотини Анне Грете Воллумни ва унинг етти яшар қизини ўлдиришда айбланган ўзбекистонлик 27 ёшли қочқин Баҳодир Мирзаолимов устидан суд жараёни бошланди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган бу суд жараёни Норвегия матбуоти диқат марказида қолмоқда.

Қотилликда айбланаëтган Б.Мирзаолимовнинг рангли суратини чоп қилган “Аftenposten” газетасининг ёзишича, Б.Мирзаолимовнинг ўлдирилган собиқ рафиқаси ҳомиладор бўлган. Қотиллик айнан ўзбекистонлик қочқин томонидан содир этилганини исботловчи исбот ва далиллар судга тақдим қилинган.

“Ўзбекистонлик қочқин собиқ рафиқаси ва унинг етти яшар қизини ўлдиргандан кейин ҳеч нарса бўлмагандай кутубхонага бориб интернет саҳифаларини томоша қилиб ўтирган вақтида ҳибсга олинган”, - деди “Аftenposten” газетаси ходими “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

“Аftenposten”да билдирилишича, Б.Мирзаолимов айбни бўйнига олмаяпти ва қотилликда нега айнан уни айблашаётганини тушунмаяпти. Аммо полиция унга айблов эълон қилиш учун етарли факт ва гумонларга эга. Биринчидан, Анне Грете Воллум унинг рафиқаси бўлган ва улар эрнинг зўравонлиги туфайли ажрашган. Иккинчидан, полиция Б.Мирзаолимовга унинг балоғатга етмаганларга нисбатан жинсий мойиллиги учун собиқ оиласига келишни тақиқлаб қўйган. Гап Анне Гретенинг ҳалок бўлган етти ёшли қизи устида кетмоқда.

Норвегияда истиқомат қиладиган Абдулла ака Баҳодир Ўзбекистондан Европага келган минглаб қочқинлардан бири эканини айтади.

“Истиқомат ҳуқуқи олиш учун ўзбек мардикорлари ўзи яшайдиган юртлик ëши ўтган аёлларга уйланяпти. Орада ëш ва маданий қарашлар тафовути боис низо чиқяпти. Мана оқибати”, - дейди Абдулла ака.

У Баҳодир Ўзбекистондан Европага келиш учун Тошкентдаги жиноий гуруҳларга пул тўлагани, шу йўл билан Норвегияга келиб қолганини маълум қилди.

Б.Мирзаолимов ҳозир Трондхейм қамоқхонасида сақланмоқда.

Аftenposten газетаси ходимининг айтишича, агар ўзбекистонлик қочқиннинг айби исботланса, у 12 йил нари-берисида қамоқ жазоси олиши мумкин.

Суд жараёни бир ҳафта давом этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG