Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:21

“Ёҳуво гувоҳлари” Тожикистондан қувилди


Тожикистонда 1997 йилдан бери расман фаолият кўрсатиб келган “Ёҳуво гувоҳлари” сектаси фаолияти бутунлай тақиқланди. Бу диний ташкилот турли қонунбузарликларга йўл қўйганликда айбланмоқда.

Тожикистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси эксперти Саидбек Маҳмадалиев сўзларига кўра, қўмита вакиллари “Ёҳуво гувоҳлари” фаолиятини ўрганиб чиққач, мавжуд нуқсонларни тугатиш учун унга 3 ой муддат берган. Бироқ диний ташкилот тегишли идораларнинг бу талабини назар-писанд қилмаган.

“Боз устига, бу ташкилот ёшлар ўртасида ҳарбий хизматдан бўйин товлашни очиқдан-очиқ тарғиб қилган ва шу мазмундаги варақалар тарқатган. Бу эса қонунга зиддир. Шунинг учун “Ёҳуво гувоҳлари”нинг Тожикистондаги фаолияти бутунлай тақиқланди”, - деди С.Маҳмадалиев.

Унинг таъкидлашича, мазкур диний ташкилот ўз аъзоларининг аниқ сонини яширишга ҳаракат қилади. Бироқ айрим маълумотларга кўра, Тожикистонда “Ёҳуво гувоҳлари”нинг мингдан ортиқ аъзоси бор.

“Бошқа динларни инкор қиладиган бу секта вакиллари ўз адабиётларини кўпроқ мусулмонлар ўртасида тарқатишга интиляпти. Уларнинг асосий мақсади ҳам мусулмонларни чалғитиш, уларни ўзга динга жалб қилишдан иборат”, - деди Саидбек Маҳмадалиев.

“Ёҳуво гувоҳлари” вакиллари эса мазҳабий тарғибот ишлари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган низом асосида ва мамлакат қонунларига риоя қилган ҳолда юритилганини билдирди. Улар Дин ишлари қўмитаси қарори юзасидан Тожикистон президентига шикоят йўллашини маълум қилди.

Бироқ маҳаллий кузатувчилар “Ёҳуво гувоҳлари” сектаси ва у тарқатаётган адабиётлар минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистон миллий хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидламоқда.

Ислом уйғониш партияси раиси ўринбосари Воҳидхон Қосиддинов “Ёҳуво гувоҳлари” фаолияти тақиқланиши бошқа диний гуруҳлар ёпилишига туртки бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

“Балки бу ташкилот фаолияти Тожикистон қонунларига зид бўлгандир. Аммо бошқа дин ва мазҳабларни тарғиб қилувчи ташкилотлар ҳам ёпилиши жамиятга таҳдид солиши мумкин. Чунки Тожикистонда ҳамма нарсани кутиш мумкин”, - деди В.Қосиддинов.

Жорий йилнинг апрель ойида тожик божхоначилари “Ёҳуво гувоҳлари”нинг Германия ва Буюк Британия босмахоналарида босилган 200 мингдан ортиқ адабиётлари, СД ва ДВД дискларини мамлакатга киритмаган эди.

Шунингдек, Дин ишлари қўмитаси яна икки миллионерлик ташкилоти фаолияти уч ой муддатга тўхтатиб қўйилганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG