Линклар

Қозоқлар Ислом Каримов ҳокимиятда қолишига шубҳа қилмайди


Ўзбекистонда 23 декабрь куни бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайлови қозоғистонлик кузатувчиларни ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Уларнинг аксарияти амалдаги президент Ислом Каримов ўз лавозимида қолишига ишоняпти.

Долзарб тадқиқотлар маркази ходими, сиёсатшунос Серик Белгибоев сўзларига кўра, Ўзбекистондаги президент сайлови натижаси кундек равшан.

“Шунча вақтдан бери бирор ислоҳот ўтказмаган И.Каримовдан учинчи муддатга қолгандан кейин ички ва ташқи сиёсатда фойдали ишлар қилишига умид боғлаш ноўрин. Президентлигининг навбатдаги, менимча, сўнгги муддатида унинг асосий эътибори ворис танлаш ва шунга боғлиқ масалаларга қаратилади”, - деди С.Белгибоев.

Унинг таъкидлашича, И.Каримовнинг учинчи муддатдаги асосий вазифаси мамлакатдаги ҳукмрон гуруҳларнинг тахт учун юзага келиши мумкин бўлган кураши олдини олиш ва уларни бўлажак ворисни қабул қилишга тайёрлаб бориш бўлади. Шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари ҳозирги кўринишни сақлаб қолади, яъни икки давлат ўртасида бирор кескин ижобий ёки салбий ўзгаришлар юз бермайди.

“Айни пайтда кўпчиликни сайловдан кўра И.Каримовдан сўнг тахтга ким келиши ўйлантирмоқда. Бу борада тўла ноаниқлик ҳукмрон. Ноаниқлик вазияти эса муаммолар ва жиддий инқироз келиб чиқиш хавфини янада кучайтиради”, - деди С.Белгибоев.

С.Белгибоев Ўзбекистонда И.Каримовдан сўнг юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бутун минтақа, жумладан, унинг яқин қўшниси бўлган Қозоғистонга ҳам бевосита таъсир этишини қўшимча қилади.

Сиёсатшунос Берик Абдуғалиев Ўзбекистонда ҳам Қозоғистонда бўлгани каби ҳокимият монополлаштирилгани, шу боис, президент сайловида И.Каримовга қарши чиқадиган номзод йўқлиги унинг натижасини ҳозирданоқ кўра билишга имкон беришини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, сайловда кўзга ташланмаётган сиёсий интрига И.Каримовнинг кимни ўзига ворисликка танлаши атрофида кўпроқ.
XS
SM
MD
LG