Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:48

Алишер Соипов ўлдирилди


24 октябрь куни Ўш шаҳрида таниқли журналист, “Сиёсат” газетаси бош муҳаррири, “Америка овози” радиоси ва “Фарғона.ру” ахборот агентлиги мухбири Алишер Соипов номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди.

Воқеа Алишернинг ишхонаси олдида рўй берди. Алишер такси тўхтатмоқчи бўлган пайтда номаълум шахслар уни тўппончадан отиб ташлади.

Бу воқеадан ярим соат аввал у билан ҳамкасби Шоҳида Ёқуб учрашган эди.

“Ниҳоятда катта йўқотиш бўлди биз учун. У олижаноб инсон, ниҳоятда ақлли ва талантли журналист эди. Ватанпарвар ва миллатни севадиган дўстимиз ҳалок бўлди”, - деди Шоҳида.

Халқаро ташкилотлар ҳам Алишернинг ўлдириб кетилганига муносабат билдиряпти.

Маркази Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Европа бўлими раҳбари Элза Видал бу хабардан даҳшатга тушганини маълум қилди.

“Қирғизистон ҳукуматини Алишернинг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ тафсилотларни тергов қилишга чақираман. Уни ким ўлдириб кетгани тез кунларда аниқланишига ва бу даҳшатли қотиллик учун жавобгарларнинг қонунга кўра жазоланишига умид қиламан. Бугун бутун дунёда журналистлар хавфсизлигини таъминлаш учун қонунлар амал қилишга эҳтиёж бор”, - деди Элза Видал.

Алишернинг ҳамкасблари ва дўстлари қотиллик унинг журналистик фаолияти билан боғлиқлигига шубҳа қилмаяпти.

Ўш шаҳри ички ишлар бошқармаси ҳозирча қотиллик версияларини ошкор қилгани йўқ.

“Озодлик” радиоси жамоаси Алишернинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.
XS
SM
MD
LG