Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:00

Ойлик ошиши товонига халқ қолади


Ўзбекистон президентининг 23 октябрдаги фармонига мувофиқ, 16 ноябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчиларининг ойлик маошлари, нафақа ва стипендиялар миқдори 20 фоиз оширилади.

Фармонга кўра, 16 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидаги энг кам иш ҳақи миқдори 18 630 сўм, ëшга доир пенсиялар 36 900 сўм, ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич разряд ойига 18630 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа ойига 36900 сўмни ташкил этади.

Фармоннинг илк сатридаëқ президент Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллигининг 16 йиллиги тантанасида қилган нутқида берган ваъдасини амалга оширишда давом этаëтганига ишоратни илғаш қийин эмас. Ўшанда президент ойлик маош ва нафақалар муттасил ошиб боришини ваъда қилганди.

Аммо ўзбекистонликлар президент фармонидан хурсанд эмас кўринади.
Ойликлар, пенсия ва стипендиялар ошди деса, ўзбекистонликлар бир сапчиб тушадиган бўлиб қолган. Чунки ҳали ошган ойликни қўлга олмай туриб, бозордаги нарх-наво бир неча баравар кўтарилиб кетади. Сўнгги марта август ойида қабул қилинган шундай фармон муносабати билан бозордаги нарх-наво икки-уч баравар қимматлаганди.

Германиянинг Ҳумболт университети иқтисодчиси, Марказий Осиё давлатлари иқтисоди бўйича мутахассис Сюзанна Шмидт сўзларига кўра, ойликларни ошириш мураккаб иқтисодий вазиятга таъсир кўрсатиш йўлларидан биридир. Уларни бор-йўғи 20 фоиз ошириш Ўзбекистонда асосий истеъмол маҳсулотлари нархи кескин кўтарилиб кетган ҳозирги шароитда деярли сезиларсиз ўзгариш.

“Ойликларни бундай ошириш Ўзбекистон ҳукумати даъво қилаëтган каби халқ турмуш даражаси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга мутлақ хизмат қилмайди. Бунинг тўғри йўлларидан бири давлатнинг ижтимоий соҳага, хусусан, соғлиқни сақлаш, маориф ва таълим, пенсия ва ишсизлик нафақалари учун ажратадиган йиллик харажатлари миқдорини сезиларли равишда оширишдир. Шундагина аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоялангани ҳақида гапириш мумкин”, - деди Сюзанна Шмидт.

Наманганлик кузатувчи Маъруфжон Абдураҳмонов фикрича, Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми қашшоқлик домига тортилаëтган ҳозиргидек шароитда давлат асосий истеъмол маҳсулотлари, хусусан, ун, ëғ, гўшт нархини ўз ҳисобидан назоратда сақлашга киришиши лозим.

Лондондаги Иқтисодий тадқиқот маркази таҳлилчиси Анна Уолкернинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолиси турмуш даражасини кўтариш учун ойликларни салгина ошириш эмас, мамлакат иқтисодини очиш ва аҳолига иқтисодий эркинлик бериш, Ўзбекистонга ташқи сармоя киришига йўл берувчи иқлим яратиш лозим.

“Гарчи президент Каримов иқтисодий тузумни очиқроқ қилиш, хусусан, уни хориж сармоясига жозибалироқ кўрсатиши мумкин чораларни қўллашга уриниб келаëтган бўлса-да, мамлакатда ўрнатилган сон-саноқсиз чекловлар, жумладан, валюта алмашинуви устидан назорат, умумий бизнес муҳитининг мураккаблиги Ўзбекистон иқтисодидаги вазият яхши томонга ўзгаришига имкон бермаяпти. Яқин келажакда бундай сиëсатнинг ўзгаришига шубҳам бор”, - деди Анна Уолкер ва келаси ойларнинг бу борада халқ учун янада оғир бўлишини тахмин қилди.
XS
SM
MD
LG