Линклар

Тожикистонда фоҳишахоналар кўпаймоқда

  • Гулнора Равшан

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Тожикистон пойтахтидаги барча бешта туманда тахминан саксондан ортиқ шахсий хонадонларда ташкил этилган фоҳишахоналар фош этилди.

Тожикистон ички ишлар вазири Мамадназар Солиҳов бу давра қўшмачиликда гумон қилинган 99 фуқарога нисбатан жиноят иши очилганини билдирди.

“Қизларни фоҳишаликка жалб этиш ва бунинг учун шарт-шароитлар яратиб бериш жиноятдир. Қўшмачиликда гумонланиб ушланган 99 фуқародан айримларининг иши ҳозир судга юборилган. Аммо бошқа туманлардан пойтахтга ўқиш ва ишлаш мақсадида келаётган қизларнинг фоҳишахоналарга тушиб қолаётгани жуда ташвишлидир”, - деди Мамадназар Солиҳов.

Вазирнинг таъкидлашича, тожикистонлик аёлларни хорижий давлатларга олиб кетиш ва уларни жинсий қулликка сотиш ҳолатлари ўтган йиллардагига нисбатан 50 фоиз камайган.

М.Солиҳов қизларнинг танфурушлик билан шуғулланишига оиладаги тарбия сустлиги ва оғир иқтисодий аҳвол сабаб бўлаётганини таъкидлади ва айни кунларда қўшмачи ва фоҳишалар устидан назорат кучайтирилганини билдирди.

Вазирнинг сўзларига кўра, шу йилнинг 9 ойи мобайнида пойтахтда фоҳишалик билан шуғулланаётган 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган 1100 қиз-жувон тери-таносил касалликлари марказида текширувдан ўтказилган. ОИТВ вируси билан оғригани расман рўйхатга олинган 800 кишининг аксарияти мазкур касалликни жинсий алоқа йўли билан юқтирган.

Гарчи М.Солиҳов фоҳишабозликка қарши кураш кучайтирилганини таъкидлаётган бўлса-да, айрим ҳолларда унинг қўл остидагилар ҳам бу иллат илдиз отишига ҳисса қўшаётганини айтади таҳлилчилар.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган фоҳиша қиз-жувонлар баъзан милиция ходимлари томонидан зўрланаётганини билдирди.

“Милиция қўлига тушиб қолсак, ё пул олади, ёки ўзи билан жинсий алоқа қилишга мажбурлайди. Милиционерлар агар 30 сомонийдан камроқ таклиф қилсангиз, кўнмайди. Мен илк бор фоҳишаликка борганимда 14 ёшда эдим. Ўртоғим маслаҳат берганди. Кундалик ҳаётимда кўпроқ пулга эҳтиёж сезганим сабабли фоҳишалик қилишга мажбурман”, - дейди бир фоҳиша.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Тожикистондаги стратегик лойиҳаларда қатнашаётган хорижликлар ҳам мамлакатда фоҳишабозлик гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшмоқда. 10 долларга тушадиган бир кечалик жинсий хизмат улар учун қиммат эмас, аммо тожикистонлик қиз-жувонларга бу каттагина пул.
XS
SM
MD
LG