Линклар

Қозоғистонда ҳам сайтларга тўсиқ қўйиш урф бўляпти


Қозоғистонда 4 та мустақил сайтга тўсиқ қўйилди. “Қозоқтелеком” компанияси бу сайтлар хостинги мамлакат ташқарисида жойлашгани, шунинг учун компаниянинг бунга алоқаси йўқлигини билдираётир.

Тўсиқ қўйилган сайтлар орасида хостинглари мамлакатдан ташқарида жойлашган мухолифатдаги “Гео.кз”, “Зона.нет.кз”, “Инкар.инфо” ва “Куб.кз” мустақил сайтлари бор.

“Зона.нет.кз” сайти бош муҳаррири Юрий Мизиновнинг айтишича, у сайтларга блок қўйилгани масаласида хорижий провайдерларга мурожаат этган. Улар эса “Қозоқтелеком” мазкур сайтлар жойлашган хостингларга вирус ҳужуми уюштиргани учун шундай бўлганини маълум қилган.

“Ҳозир тўсиқ қўйилган сайтлар фаолияти қайта тикланди, бироқ ҳукумат ва амалдорларга қарши мақолалар пайдо бўлиши билан уларга яна тўсиқ қўйилади. Аниқроғи, сайтлар буткул “Қозоқтелеком” компанияси томонидан назорат қилинаётир”, - деди Ю.Мизинов.

“Қозоқтелеком” компанияси эса бу сайтларни назорат қилаётганини инкор этмоқда.

Тўсиқ қўйилган сайтлардан бири ўтган ҳафтада президент маъмурияти амалдорларининг Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиевга қарши ОАВда тарғибот олиб бориш масаласи муҳокама этилган телефон суҳбатларининг аудио ва ёзма кўринишини чоп этган эди.

“Инкар.инфо” сайти бош муҳаррири, мустақил журналист Сергей Дуванов сайтларнинг тўсиб қўйилаётгани бундай компроматларни эълон қилаётган сайтларга қарши уруш очилганидан дарак эканини таъкидлади.

Юрий Мизинов эса аслида қайнота-куёв ўртасида юзага келган ушбу низода ОАВни айбдор қилиб, уларнинг фаолиятига тўсиқ қўйиш ақлсизлик эканини гапириб: “Мени мамлакат ички сиёсатини юритаётган кишиларнинг ўрта асрга хос аҳмоқлиги лол қолдиради. Ҳар қандай компроматга қарши пиар технология ёрдамида жавоб қайтариш мумкин-ку”, - деди.

“Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси раҳбари Тамара Калеева эса ҳукумат ўзига қарши компромат чоп этаётган тўртта сайт билан чекланиб қолмаслигидан ташвиш билдирди.

Унинг таъкидлашича, яқин келажакда президент ва ён-атрофидагилар ҳақида компромат маълумотлар чоп этиш истагида бўлган анъанавий ОАВ бошига ҳам шундай кун тушиши эҳтимоли катта.

“Мухолифатдаги “Республика” газетаси яқин кунларда Роҳат Алиев билан бўлиб ўтган интервьюни чоп этишга тайёргарлик кўрмоқда ва ҳозирданоқ таҳририят газетани чоп этиш борасида босмахона билан баъзи муаммоларга дуч келаётир”, - дея қўшимча қилди Т.Калеева.
XS
SM
MD
LG