Линклар

Қийноқ учун ҳам жазо бор

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда жорий йилнинг 9 ойи давомида 25 нафар милиция ходими устидан жиноят иши очилди. Улар ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва гумонланувчиларга нисбатан қийноқлар қўллашда айбланмоқда.

Тожикистон ички ишлар вазири Мамадназар Солиҳовнинг билдиришича, айни пайтда улардан икки нафари турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган, бири устидан суд жараёни бошланиш арафасида. Қолганлари устидан тергов бораётир.

Тожикистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид еттита асосий конвенциясини ратификация қилган.

Республика инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси масъул ходимаси Мадина Усмонова Тожикистон ҳукумати қийноқларга қарши конвенциянинг 22-моддасини тан олмаганини билдирди.

“Бу модда тожикистонлик фуқароларга ўз мамлакати устидан БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитасига бевосита шикоят қилиш ҳуқуқини беради. Аммо Тожикистон ўз фуқароларини бу имкониятдан маҳрум этишни афзал кўрди. Шунингдек, мамлакат конвенциянинг вақтинчалик сақлаш изоляторларида ушлаб турилганлар олдига ҳуқуқ ҳимоячилари ёки яқинлари эркин кириши тўғрисидаги моддани ҳам қабул қилмаган”, - деди М.Усмонова.

Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда жиноят содир этганликда гумонланиб қўлга олинган ҳар бир киши терговнинг илк дақиқаларидаёқ қийноққа солинишини айтмоқда. Аммо қийноқ қурбони бўлаётганларнинг аксарияти терговчи ғазабидан қўрқиб ва жиноят ишида муаммолар бўлиши таҳдиди остида бу ҳақда оғиз очмайди.

Нигинанинг акаси Душанбе марказида жойлашган вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилибди. Нигина қийноқлар, асосан, кам таъминланган оилалар аъзолари ва сўзи ўтадиган танишларга эга бўлмаган кишиларга нисбатан қўлланишини таъкидлади.

“Қийноқларга чидай олмай, содир этмаган жиноятни бўйнига олиб, ҳеч бир асоссиз умрини қамоқда ўтказаётган кишилар ҳам кам эмас. Масалан, яқинда бир қўшнимиз суд жараёнида тергов чоғида терговчи унинг тирноқларини суғуриб олгани, жинсий органини елим шишага солиб қийнаганини айтди. Бироқ судья буни инобатга олмади. Шунинг учун кўпчилик ўзига нисбатан қийноқ қўллангани ҳақида судда умуман гапирмасликка ҳаракат қилади. Чунки бу фойдасиз”, - дейди Нигина.

Тожикистон Жиноят кодексида қийноқларга оид алоҳида модда йўқ. Унинг ўрнига хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик моддаси мавжуд. Бу модда бўйича жазо эса анча енгил.
XS
SM
MD
LG