Линклар

logo-print

Алишернинг ўлими унга қарши нафрат кампанияси ўтказганларнинг кўнглини хотиржам қилармикин?

  • Сарвар Усмон

http://gdb.rferl.org/D2B2E27D-31B6-47CC-B437-193119C23C6F_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/D2B2E27D-31B6-47CC-B437-193119C23C6F_mw800_mh600.jpg Эндигина 26 ёшга кирган журналист Алишер Соиповнинг ўлимидан даҳшатга тушган баъзилар бу машъум қотилликда қўшни Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлигини тахмин қилмоқда.

Айримлар эса бундай фикрни тахмин қилиб эмас, балки комил ишонч билан айтмоқда.

Хўш, бундай фикру тахминларга асос бўла оладиган ашёвий далиллар борми?

Ашёвий далилларни терговчилар балки топар. Лекин кейинги пайтларда Ўзбекистонда айнан шу журналистга нисбатан нафрат кампанияси ўтказилгани сир эмас.

Қўлимиздаги ўнлаб мақолалар, ўтказганимиз суҳбатлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, нафрат кампаниясини амалга оширишга босма ва электрон воситалардан тортиб вилоят телевидениеларигача жалб этилган эди.

Бундан бир-бир ярим ой муқаддам Алишер Соипов яшаб келган Ўшга қўшни Андижон ва Наманган вилоятлари телевидениелари орқали қарийб бир соатлик кўрсатув намойиш қилиниб, унда, асосан, А.Соипов ҳақида гапирилган, у хоиндан олиниб хоинга солинган.

Ўша кўрсатувни кўрган, лекин овозини эшиттирмасликни илтимос қилган бир респондентнинг айтишича, кўрсатув иштирокчилари, хусусан, Наманган давлат университети ўқитувчиси Бахтиёр Исоқов А.Соиповни Ўзбекистон мустақиллигини, бу мамлакат ютуқларини кўра олмаётган душман, деб қоралаган.

Ўзбекистон ҳукумати ёки унга тегишли идоралар назоратида бўлган сайтларни нафрат кампаниясининг байроқдорлари, дейиш мумкин.

Мана баъзи мақолалар сарлавҳалари:

“Соипов – икки фронт жангчиси”:

“Алишер Соипов – чала журналист ёки уста иғвогар”:

“Соипов қирғизистонлик ҳамкорларимиз қўлидаги Ўзбекистонга урилган душман пичоғи”.

Бу сарлавҳаларни ўқир экан, А.Соиповнинг кимлигини билмайдиганлар кўнглидан “жуда ёвуз йигит бўлган бўлса керакда”, деган фикр ўтгандир.

Бир журналист эди у, репортёр эди.

Алишер Соиповга нисбатан нафрат кампанияси доирасида ёритилган мақолаларни шарҳлашга бел боғлаган эканмиз, жанр талабига кўра, улардан узиндилар келтиришимиз керак.

Лекин ўқиганингиз сарлавҳалардан уларнинг остида қандай ҳақоратлар ёзилганини илғаш қийин эмас-ку?!

Ўша ҳақоратларни ҳозир такрорлаш шартми?

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мамлакатда чиқадиган газеталар ҳам нафрат кампаниясидан четда қолмаётганини билдирди.

Газеталарда нафақат А.Соиповга қарши, умуман Андижон воқеаларидан сўнг кўплаб мустақил журналистларга таъқибу тазйиқлар кучайиб кетган.

Алишер Соиповга қарши нафрат кампаниясига қўшилганлар унга қарши чора кўришни, уни жазолашни талаб қилган.

Масалан, press-uz.info сайтида ёритилган, Наманган давлат университети доценти, сиёсатшунос Обидхон Маматов, деб имзоланган матн шундай талаб билан якунланади.

24 октябрь куни 26 ёшли Алишер Соиповнинг танасига қадалган учта ўқ ўша чорамиди?
XS
SM
MD
LG