Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:17

Қ.Бақиев терговни ўз назоратига олди


Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев Ўшда таниқли журналист Алишер Соиповнинг ўлдириб кетилиши юзасидан ўтказилаётган тергов ишларини ўз назоратига олди.

Бу ҳақда маълум қилган Қирғизистон президенти матбуот котиби Нурлан Шакиевнинг “Озодлик”ка айтишича, Қ.Бақиев тергов ишларини воқеа жойида назорат қилиш ва тергов жараёнини жадаллаштириш мақсадида президент маъмуриятининг ҳуқуқ-тартибот тизимлари бўлими бошлиғи генерал Умурбек Сувоналиевни Ўшга жўнатган. Шунингдек, у Ички ишлар вазирлигига тергов жараёнига Қирғизистоннинг энг малакали мутахассисларини жалб этиш тўғрисида кўрсатма берган.

Қ.Бақиевнинг ўзи Алишер Соиповнинг ўлдирилишига сиёсий баҳо берди.

“Мамлакатда ўтажак ўта масъулиятли сиёсий жараёнлар, парламент сайлови арафасида жиноятчилар қурол билан оддий фуқароларга ва энг асосийси, журналистларга таҳдид қилишига мутлақо йўл қўймаймиз”, - деди президент.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, А.Соиповга Макаров русумли тўппончадан яқин масофадан туриб ўқ узилган. Биринчи ўқ Алишернинг оёғига отилган. Шундан сўнг унинг бош мия қисмига икки ўқ узилган. Қотиллар Алишернинг шахсий буюмларига тегмаган. Унда икки юз доллар атрофида пул, қимматбоҳо япон фотоаппарати ва мобил телефони бўлган.

Ўш вилоятида қотилларни топиш борасида шошилинч чора-тадбирлар ўтказилмоқда. Терговни вилоят губернатори Жонтўра Сотиболдиевнинг шахсан ўзи назорат қилаётир. Губернатор тергов якунлангунга қадар А.Соиповнинг ўлдирилишини сиёсий қотиллик сифатида баҳоламаслик кераклигини айтмоқда.

Тергов жараёнини Қирғизистон президенти номидан назорат қилаётган генерал Умурбек Сувоналиевнинг билдиришича, айни пайтда қотиллик версиялари ишлаб чиқилмоқда ва қотилларни топиш борасида “Қўлга олиш” номли амалиёт ўтказилмоқда.

Қирғизистон Медиа вакиллиги раҳбари Илим Қарипқулов А.Соиповнинг ўлдирилиши унинг журналистик фаолияти билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади.

“Қирғизистон жамоатчилиги ҳам, ҳукумати ҳам кўпинча журналистларни қурол сифатида ишлатади. Бироқ журналист хавфсизлигини таъминлашга келганда ожизлик қилади. Бу жуда ташвишли ҳолатдир. А.Соипов касбий фаолияти учун Қирғизистонда ўлдирилган биринчи журналист бўлди. Бу ҳолат анъанага айланиб кетиш хавфи ҳам мавжуддир. Шунинг учун биз ҳукуматдан бу борада кескин чораларни кўришни талаб қиламиз”, - деди Илим Қарипқулов.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Нурлан Шакиев А.Соиповнинг ўлдирилиши ҳукуматнинг сўз эркинлигини қаттиқроқ ҳимоялаш чора-тадбирларини кўришига туртки бўлганини айтади.

“Мақсад журналистлар ҳимоясини кафолатлаш, уларнинг ўлдирилиши, калтакланиши ҳолатларининг олдини олишдир. Шу асосда айни пайтда бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Бу тадбирлар президент фармони тарзида яқин кунларда эълон қилинади”, - деди президент матбуот котиби.

А.Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан АҚШ элчихонаси ва Қирғизистондаги бир қанча нодавлат ташкилотлар ҳукуматга мурожаатнома жўнатди. Бу мурожаатларда журналистнинг қотилларини тез орада топиб, жазолаш талаб қилинади.
XS
SM
MD
LG