Линклар

Каримов дунё реакциясини кузатмоқда

  • Замира Шукур

Ўзбекистон либерал демократик партияси мамлакат президентлигига амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримов номзодини илгари суражагини маълум қилганидан бери йигирма кундан кўпроқ вақт ўтди.

Шунга қарамай, 16 йил давомида Ўзбекистон президенти мақомини ўзида сақлаб келаëтган И.Каримов ўз номзоди яна бир муддатга президентликка кўрсатилишига расмий муносабатини жамоатчиликка очиқламади.

Оддий арифметика И.Каримовнинг уч муддат президентлик қилиб қўйганини кўрсатиб турган бир пайтда ўз номзодининг конституцияга хилоф равишда яна бир бор президентликка кўрсатилиши борасида у нега сукут сақламоқда?

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов И.Каримовнинг сукутида ҳеч қандай фавқулоддалик йўқлиги ва сайловолди жараëнлари қонунга мос, босқичма-босқич ўтаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, номзодлар масаласи партияларнинг яқин кунларда бўлиб ўтиши кутилаëтган қурултойларида муҳокама қилинади ва номзодлар ҳам ўз муносабатларини шу қурултойда билдиради.

Мустақил шарҳловчи Камолиддин Раббимов И.Каримовнинг ўз номзоди яна бир бор президентликка кўрсатилиши юзасидан жамоатчилик олдида сукут сақлаëтганини бошқача изоҳлайди.

Унинг таъкидлашича, И.Каримов олдиндан ишлаб чиқилган сиëсий технологияга мувофиқ жимлик сақламоқда ва ўз номзодининг конституцияга хилоф равишда яна бир бор кўрсатилишига ва эртага эса сайлов муҳри билан тасдиқланишига Ўзбекистон аҳолиси ва дунë жамоатчилиги реакциясини кузатмоқда.

Мустақил кузатувчилар фикрича, яқин кунлар ичида ЎзЛДП қурултойида И.Каримов ўз номзодининг яна президентликка қўйилишига ҳозир бутун мамлакат бўйлаб ундан яна бир муддатга президентликда қолиш учун аҳолидан зўрлаб йиғилаëтган имзолар асосида розилик беради ва буни ватан ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш истаги билан ифодалайди.

Ўзбекистондаги сайловолди жараëни бошданоқ театрлашган томоша тусини олгани халқаро жамоатчилик, айниқса, сайловларни кузатиш билан шуғулланувчи тизимларни ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Постсовет ҳудудида сайловларнинг халқаро қонун талабларига қанчалик мос ўтишини кузатиш билан фаол шуғулланадиган халқаро тизимлар орасида ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг алоҳида мавқеи бор.

“Озодлик” билан суҳбатда бюро матбуот котиби Урдур Гуннарсдотир 55 аъзо давлатдан бири бўлмиш Ўзбекистон ҳукумати 23 декабрга белгиланган президент сайловини кузатиш учун бюрога расмий таклифнома йўллаганини билдирди.

“Биз Тошкентдан сайловга кузатувчилар миссиясини юбориш ҳақида расмий таклифнома олдик ва яқин кунлар ичида Ўзбекистонга мутахассисларимиз гуруҳини юборишга умид қиляпмиз. Улар сафар давомида мамлакатдаги асл вазият, хусусун, сайлов билан боғлиқ муаммоларни ўрганади. Шундан сўнг бу гуруҳ 23 декабрь куни сайловни кузатиш Ўзбекистонга кузатувчилар юбориш-юбормаслик, юборсак қанча одамни юбориш борасида тавсия беради”, - дейди ЕХҲТ расмийси.

Унинг билдиришича, Ўзбекистонга йўл олаëтган мутахассислар вазият ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун сайловда қатнашаëтган партиялар, ОАВ ходимлари ва ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан учрашади.

Мустақил кузатувчилар мухолифат партияларининг мамлакатдан ҳайдаб чиқарилгани, мустақил матбуот ва ноҳукумат ташкилотларнинг деярли йўқ қилинганини таъкидлаëтган бўлса-да, ЕХҲТ расмийси ўз идораси Ўзбекистондаги сайловолди жараëни ҳақида объектив қарор чиқаришига ишонади.

“Ўзбекистондаги сайловга нисбатан адолатли ëндашув топишга қодирмиз, деб ўйлайман. Ўзбекистонда ЕХҲТнинг доимий миссияси фаолият юрғизиб келмоқда ва улар ҳақиқий вазиятдан яхши огоҳ. Қолаверса, биз Ўзбекистонда ўтган бошқа сайловларни ҳам кузатганмиз ва бу борада анча тажрибамиз бор. Шу боис, сайловга кузатувчилар гуруҳини юбориш-юбормаслик борасида тўғри қарор қабул қилишимизга ишонаман”, - деди Урдур Гуннарсдотер.
XS
SM
MD
LG