Линклар

Европа суди ҳуқуқларингизни тиклайди

  • Сарвар Усмон

Европа кенгаши 25 октябрь куни Умумевропа фуқаровий одил судлов кунини нишонлади. Бу кунда, одатда, кенгашга аъзо давлатларга судлари эшикларини кенг жамоатчилик учун очиб қўйиш, адлия ходимлари билан учрашувлар ўтказиш тавсия қилинади.

Фуқаровий одил судлов куни таъсис этилганига 5 йил бўлди.

Мақсад эса фуқароларга ўз ҳуқуқларини тушунтириш, уларни ҳимоя қила олиш воситалари тўғрисидаги маълумотларни етказишдир.

Ўша воситалардан бири Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди бўлиб, ўз мамлакатида адолат топа олмай унга мурожаат қилаётганлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Европа судига Европа кенгашига аъзо 47 мамлакатдан ўн минглаб фуқаро мурожаат қилади. Арз қилиш учун асос бўладиган сабаблар диапазони жуда кенгдир.

Европа кенгашига Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг қўшилган давлатлар фуқароларидан келиб тушаётган аризалар, айниқса, кўп. Масалан, ўтган йили грузияликлардан 112, молдоваликлардан 641, украиналиклардан 4146 та ариза қабул қилинди.

Европа судига мурожаат қилиб, иши яқинда ижобий ҳал бўлганлардан бири озарбойжонлик Шоида Назибовадир. У ўз мамлакатида журналистлар нодавлат ташкилотини тузган, бироқ уни расмий рўйхатдан ўтказа олмаган. Бу ҳақда маҳаллий судларга қилган барча мурожаатларига рад жавоби олган ва шундан сўнг Европа судига арз қилишга мажбур бўлган.

“Озарбойжон судларининг “йўқ”, деган жавобини олишдан кўра, Европа судининг “ҳа”, деган жавобини олишим осонроқ бўлди. Озарбойжон судларида ишларни кўриш бениҳоя узоққа чўзилади. Охир-оқибат Европа судига мурожаат қилишга мажбур бўлдим”, - дейди Шоида Назибова.

Страсбург суди аъзолари 18 октябрь куни Озарбайжон суди Шоида Назибованинг уюшмалар тузиш ёки уларга аъзо бўлиш ҳуқуқини бузган, деган қарорга келди. Шунингдек, суд Шоида Назибовага етказилган маънавий зарарни қоплаш учун Озарбойжон ҳукумати унга 4200$ миқдорида товон тўлаши керак, деган ҳукм ҳам чиқариб берди.

Лекин Шоида хоним ўзи учун эришгани маънавий ғалаба муҳимроқ эканини таъкидлайди.

“Мен учун чиндан масаланинг моддий томони қизиқ эмас. Суд менинг ҳақ эканим тўғрисида тўхтамга келганининг ўзи мен учун муҳимдир. Шу нарсадан мен ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман”, - деди Шоида Нозибова.

Озарбойжонлик журналистнинг ишига ўхшаш кўплаб ишлар тўғрисида айтиш мумкин.

Хуллас, Европа кенгашига аъзо 47 давлатнинг фуқаролари ўз мамлакатида топа олмагани адолатни Страсбургдаги Европа судидан топиши мумкин.
XS
SM
MD
LG