Линклар

Сайловдаги қаллобликни кўриш учун маҳаллий тилни билиш шарт эмас

  • Замира Шукур

2007 йил, шунингдек, яқинлашаëтган 2008 йил постсовет давлатларининг айримлари учун муҳим сайловлар йилидир. Жорий йил давомида Россияда парламент, Ўзбекистонда эса президент сайлови ўтказилиши белгиланган.

2008 йил мартида эса россияликлар президент Владимир Путинга ворис бўлиши кутилаëтган янги президентни сайлаши керак. Давлат ва халқ ҳаëтини белгиловчи мазкур сиëсий тадбирлар арафасида Россия собиқ иттифоқнинг Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби ҳукуматлари номидан сайловларни кузатадиган хорижий кузатувчилар миссиясини чеклаш ҳаракатларини бошлади.

Ғарб нашрларида пайдо бўлган хабарга кўра, собиқ иттифоқнинг олти ҳукумати таянчини дастак қилган Россия ЕХҲТга дипломатик ҳужжат топширган. Унда ташкилотнинг сайловларни кузатиш миссияси аъзолари сонини кескин қисқартириш ва кузатувчиларнинг овоз беришдан кейинги кунларда сайловларга доир баëнотлар қилишини тақиқлаш талаб этилган.

Ҳозирга қадар Россиядаги сайловларни ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идорасининг 400дан ошиқ мутахассиси кузатган бўлса, Кремль келажак сайловларда бу рақамнинг бир неча ўн кузатувчига туширилишини талаб қилмоқда.

Россия раҳбариятининг ЕХҲТ, хусусан, унинг сайловларни кузатиш миссияси фаолиятига нисбатан бир неча йилдан бери билдириб келаëтган танқидлари маҳсули ўлароқ туғилган бу талабини Россия Марказий сайлов комиссиясининг эндиликда собиқ раиси Александр Вешняков: “Афсуски, сайловларни кузатиш халқаро тизими бугунга келиб давлатларга демократия принципларини амалга оширишда ëрдам бериш эмас, балки у ëки бу давлат билан халқаро муносабатларга оид сиëсий қарорларни қонунийлаштириш воситасига айланиб қолди”,- деган эди.

Болтиқбўйи давлатлари, Украина, Грузия ва Қирғизистондаги кейинги айрим сайловларни мустасно қилганда, ЕХҲТ кузатувчилари миссияси собиқ иттифоқнинг қолган ҳудудларида бўлиб ўтган бирор сайловни на эркин ва на адолатли, дея баҳолаб келмоқда. Бу эса мустақилликдан бери ўзларига демократик ҳукумат ниқобини кийғизган авторитар режимлар ғашига тегмай қолмаяпти. Россия ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш миссиясига билдириб келаëтган эътирозларга жўровоз бўлаëтган Тошкент раҳбари ҳам айни шу масалада бир неча бор баëнот берган эди.

“ЕХҲТ бугун сайловларни кузатиш борасида эксклюзив, ҳукмрон гуруҳ бўла олмайди. Бу жараëнларда ЕХҲТ мутлақ Европа манфаатларини кўзлайди. Биз, Марказий Осиëдагилар бу ташкилотга фақат собиқ иттифоқнинг бир қисми бўлганимиз учунгина қўшилиб қолганмиз”,- деган эди президент Ислом Каримов шундай баëнотларидан бирида.

Бундай танқидларга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идорасини 23 декабрга белгиланган президент сайловини кузатишга таклиф қилган.

“Ҳа, биз бу ҳақда расмий таклиф олдик. Аммо Ўзбекистондаги сайловни кузатиш-кузатмаслигимиз борасида қарор қабул қилишдан олдин вакилларимиз гуруҳи мамлакатга бориб, асл вазиятни ўрганиб келиши лозим. Бу сафарни узоғи билан бир ҳафтада бошлашни режалаштиряпмиз”,- деди ЕХҲТ расмийси Урдур Гуннарсдотер “Озодлик” радиосига.

Россия ва Ўзбекистон каби ҳукуматларнинг ЕХҲТга сайловларни кузатиш борасида билдираëтган эътирозлари, ташкилотни кам сонли миссия юборишга даъват қилаëтгани бу ҳукуматларнинг мураккаб вазиятга тушиб қолганини англатади. Бошқа томондан, бу ҳукуматлар сайловларни халқаро майдонда легитимлаштириш учун овоз беришни ЕХҲТ миссияси кузатиши муҳимлигини тушунади. Қолаверса, улар миссиянинг сайловлар ҳақида танқидий фикр билдиришини имкон қадар чеклашга иштиëқманд.

МДҲ раҳбарлари Ҳамдўстликнинг сайловларни кузатиш ташкилотини ЕХҲТ миссиясига муқобил гуруҳ сифатида қўллаб-қувватламоқда.

Москвадаги МДҲ тадқиқотлари институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Андрей Грозин ЕХҲТ ва МДҲ кузатувчиларининг сайловга ёндашувида ер билан осмонча фарқ борлигини айтади.

“Масалан, МДҲ кузатувчилари ЕХҲТ миссиясидан фарқли ўлароқ, қандай ноқисликлар бўлмасин, сайловни мақтаб гапириши аниқ. Постсовет ҳукуматлари бир-бири ҳудудидаги сиëсий жараëнларга танқидий фикр билдирмайди”, - дейди Андрей Грозин.

Марказий Осиё расмийлари ЕХҲТ кузатувчиларининг сайловлар ҳақидаги танқидларини уларнинг маҳаллий тил ва одатларни билмаслиги билан изоҳлашга уринади. Аммо ЕХҲТ кузатувчилари миссияси сафида минтақадаги сайловларни кўп бора кузатган Ҳраир Балиян бундай эътирозни сафсата, деб атайди.

“Сайлов жараëнини таржимон орқали кузатасизми ëки таржимонсиз, қаллоблик ва сохтакорлик бўлаëтганини кўриш қийин эмас. Қаллобликни кўриш учун маҳаллий тилни билишга ҳожат йўқ”,- дейди Ҳ.Балиян.
XS
SM
MD
LG