Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:56

Р.Алиев: “Сарсенбоевни ўлдиришга Нурсултон Назарбоев буйруқ берган эди”


Қозоғистон президентининг эндиликда собиқ куёви Роҳат Алиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ҳамиша Қозоғистондаги тоталитар бошқарув усулига қарши курашгани, бундан кейин ҳам бу ишни давом эттиришини билдирди.

Р.Алиев Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлигидаги расман биринчи шахс даражасига кўтарилмаган бўлса-да, аксар қозоғистонликлар 2007 йилга қадар уни Қозоғистондаги президент Назарбоевдан кейинги иккинчи ҳукмдор, деб биларди. Мамлакатдаги кучишлатар идораларни ўз назоратига олган эрка куëв кейинги 15 йил давомида ўзини танқид қилган, молиявий манфаатлари йўлига тўсиқ бўлишга уринган исталган одамни жисмонан йўқ қилишдан тап тортмаслик билан донг чиқарган эди.

Хусусан, қозоқ мухолифатчилари 2006 йилда “Ҳақиқий оқ йўл” партияси етакчиси Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдирилиши, “Нурбанк” раҳбарларининг ўғирланиши каби жиноятлар бошида айнан Р.Алиев турганини даъво қилиб келмоқда.

Чунончи, “Адолатли Қозоғистон учун” мухолифат ҳаракати раҳбарларидан бири Тўлан Тўхтасинов бу жиноятлар юзасидан Р.Алиев ва унинг турмуш ўртоғи Дариға Назарбоева, қолаверса, президентнинг ўзини ҳам тергов қилишни талаб қилган эди.

Аммо “Озодлик”ка берган интервьюсида Р.Алиев мухолифат раҳбарининг ўлдирилишига алоқаси йўқлиги, О.Сарсенбоев бевосита собиқ қайнотаси буйруғи билан йўқ қилинганини айтади.

“О.Сарсенбоевни жисмонан йўқ қилиш ҳақидаги буйруқ Австрия ҳудудларида, Нурсултон Назарбоев томонидан 2006 йил феврали бошида Клагинфурт шаҳарчасида берилган эди. Бу ерга Қозоғистон Сенати раиси Нуртой Абикаев бир неча соатга келди ва президентдан О.Сарсенбоевни йўқ қилиш ҳақида буйруқ олди”,- дейди Роҳат Алиев.

Мухолифатнинг яна бир етакчиси, О.Сарсенбоев ўлдирилишидан уч ой аввал Олмаотадаги уйида ўлик ҳолда топилиб, расман ўз жонига қасд қилгани айтилган Замонбек Нуркадилов ҳам, Р.Алиевнинг таъкидлашича, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасидаги жиноятчилар қурбони бўлган.

“Бу каби сирли жиноятларга кўп гувоҳ бўлдик ва мен бу жиноятларнинг барига коррупция ботқоғига ботган ҳуқуқ-тартибот идораларини айбдор, деб биламан”,- деди Р.Алиев.

2007 йилга қадар айнан МХҚни амалда бошқариб келган Роҳат Алиев ўзини бундай жиноятлардан узоқлаштиришга уринди.

“Мен президент Назарбоевга яқин доирада бўлганимни инкор этмайман. Ҳатто Қозоғистондагидай оғир шароитда ҳам биз ўзгача фикрловчиларни йўқ қилишнинг тоталитар усулларидан ўзимизни узоқлаштиришга ҳаракат қилдик. Аммо биз президент буйруғини бажаришга мажбур эдик”,- деди Р.Алиев.

Қозоғистон президенти қаҳрига учрагач, демократга айланган Р.Алиев мамлакатни КГБ усулида бошқаришга қаршилик кўрсатгани ва мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказишга уринганини таъкидлади.

Қозоқ мухолифатчилари Р.Алиевнинг баёнотларини давлат ғазнаси ва хусусий тадбиркорлар мулкини тортиб олиш эвазига ўзлаштирган миллиардлаб долларини қайтариб олиш мақсадида Н.Назарбоевни ўз қўлидаги компроматлардан огоҳлантириш учун қилинаëтган кампания, деб баҳоламоқда.

“Алиев демократия, юксак идеаллар ва демократик принциплар ҳақида ëзса, кулмасликнинг иложи йўқ. Агар бу одам демократия тарафдори бўлса, аввал нега бу ҳақда гапирмади ëки бу борада бирор иш қилмади?! Роҳат Алиев Қозоғистоннинг ЕХҲТдаги элчиси бўлиб ишлаганида сайловларни эркин ва адолатли ўтказиш масаласига бағишланган форумда у билан бирга қатнашганман. Мен унинг демократия ҳақида оғиз очганини ҳам кўрганим йўқ”,- дейди “Мустақил кузатувчилар тармоғи” номли ноҳукумат ташкилот етакчиси Дўс Қосим.

Мухолифат ва ҳуқуқ фаолларининг бундай танқидига қарамай, Роҳат Алиев ўзини Н.Назарбоевнинг ўрнига Қозоғистон президентлигига келишга лойиқ шахс сифатида кўрсатиш ва ҳокимият тепасига келса, фақат демократия учун хизмат қилажагини такрорлашдан қолмаяпти.

“Қозоғистон Назарбоевсиз нобуд бўлади, Назарбоевсиз яшай олмайди, деган гаплар адашиш ва ëлғондан бошқа нарса эмас. Бугун ҳокимиятни бошқаришга лойиқ бутун бошли авлод етишиб чиқди ва улар орасида мухолифат лидери Ғалимжан Жақиянов ва мен ҳам борман. Агар ҳокимиятга келсам, мен демократик ислоҳотлар ўтказаман, ҳокимият тармоқлари ўртасида аниқ чегара бўлиши ва президентнинг ҳам қонун олдида жавобгар бўлишини таъминлайман”,- дейди Роҳат Алиев.

Ўзини Қозоғистондаги ҳукмрон элита, биринчи галда, президент Назарбоев жиноятларига оид сирлар сандиғи, деб атаëтган Роҳат Алиев бугун Венада ўтириб, “Ўғрибоши қайнота” номли китоб ëзаëтганини айтади.

Р.Алиев, энг аввало, Австрия ҳуқуқ идораларига тақдим этиладиган бу китобда Н.Назарбоев ва унинг бугунги эркатойлари кирдикорларини обдон фош этишини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG