Линклар

logo-print

Ўшдаги қотилликда Ўзбекистоннинг қўли борлиги ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ


Ўшлик таниқли журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилишида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлиги ҳақидаги тахмин ҳозирча энг кенг тарқалган фараз бўлиб турибди.

Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ, Лондонда яшаётган ўзбек журналисти Шоҳида Ёқуб, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳам айнан шу тахминни илгари сурмоқда.

26 октябрь куни Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги олдида бишкеклик журналистлар ўтказган норозилик намойиши чоғида ҳам бу савол ўртага ташланди.

“Бундай версияни ҳам ўрганмоқдамиз. Бироқ махсус хизматлар иштироки ҳақида бирор расмий маълумот йўқ”, - деди ИИВ уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси раҳбари Мелис Турғанбоев бу саволга жавоб бериб.

Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайкан Исмоилова Ўзбекистон махсус хизматлари Қирғизистон жанубига танда қурганини таъкидлайди.

“Ўзбек махсус хизматлари ходимлари мамлакат жанубида амалдорлар ва милиция кабинетлари эшигини тепиб кириб боргани гувоҳимиз. Биз Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилаётган бир неча андижонлик сиёсий қочқинни қутқарганмиз. Бу ҳақда ўз вақтида тегишли тузилмаларга хабар ҳам берганмиз”, - дейди Тўлайкан Исмоилова.

Бишкекдаги “Озодлик овози” ташкилоти раҳбари Улуғбек Бобоқулов сўзларига кўра, 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўш ва Жалолобод вилоятларида Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари фаолияти кучайган. Улар томонидан андижонлик сиёсий қочин Исроилжон Холдоров ўғирлаб кетилган, Қирғизистоннинг айрим фуқароларини ўғирлашга ҳам ҳаракатлар қилинган.

“Ўзбекистон махсус хизматларининг жазоланмай қолаётганига Қирғизистон марказий ҳокимиятининг сукутли розилиги асосий сабабдир. Чунки Қирғизистон айрим иқтисодий масалаларда Ўзбекистонга қарамдир”, - деди Улуғбек Бобоқулов.

Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи Қодиржон Ботиров эса Ўзбекистон махсус хизматларини айблаш учун, энг аввало, исботлар зарурлигини айтди.

Бироқ айни пайтда хорижий давлатлардан бирида яшаётган ўзбекистонлик сиёсий қочқин Эгамназар Шойманов Ўзбекистон махсус хизматлари фақат Ўшдагина эмас, Бишкек шаҳрида ҳам фаол ишлай бошлаганини маълум қилди.

“Бундан 15 кун аввал андижонлик бир қочқин ўғирлаб кетилаётганини Бишкекда яшаётган қочқинлар тасодифан билиб қолган. Кўпчиликнинг ҳаракати билан уни қутқариб қолдик. Ўзбекистон махсус хизматлари Бишкекда изғиб, мухолифатчи Насрулло Саидовни узоқ муддат қидирди. Бир-икки кун олдин эса ўзбекистонлик бир қочқинни ўғирлашга ҳам ҳаракат бўлган. Буни кўриб қолган хотини шовқин-сурон кўтарган. Шундан сўнг ўша одамлар калтакланган қочқинни ташлаб қочиб қолган. Буларнинг ҳаммасини Ўзбекистон махсус хизматлари ҳаракатлари, деб баҳолаймиз”, - деди Эгамназар Шойманов.
XS
SM
MD
LG