Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:09

Россия мудофаа вазири Тошкентга келди


Тошкентга келган Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Ўзбекистоннинг Устюрт минтақасидан “ПиСи-20” ракеталари қолдиқлари тушадиган ҳудуд сифатида фойдаланиш масаласини муҳокама этгани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, мазкур ташриф чоғида шу ой аввалида Душанбеда ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида эришилган келишувлар ҳам кўриб чиқилгани айтилаётир.

Россиялик журналист Аркадий Дубнов А.Сердюковнинг ўзбекистонлик ҳамкасби Руслан Мирзаев билан учрашувида расмий Тошкентнинг Россиядан ҳарбий техника ва қурол-яроғни имтиёзли нархларда сотиб олиши масаласи ҳам муҳокама этилганини эҳтимолдан соқит қилмайди.

“Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қурол-яроғ сотилишига эмбарго эълон қилган. Шундай экан, Ўзбекистон учун сифатли ва арзон қурол-аслаҳа етказиб бериши мумкин давлат Россия бўлиб қолмоқда”,- дейди А.Дубнов.

Ўзбекистон президенти АҚШ билан дўстлашиш яхшилик келтирмаслигини тушунганидан кейин Москва томон юз буришга мажбур бўлган эди. Айни пайтда Москва ва Тошкент расмийлари икки мамлакат муносабатлари ўта юқори даражада экани, Ўзбекистон ва Россия раҳбарияти қарашлари деярли барча масалаларда яқинлигини қайд этиб келади.

Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик идоралари ўртасидаги ҳамкорлик ўзбек муҳожирлари тақдирида ҳам ўз аксини топмоқда. Андижон воқеаларидан кейин юртини тарк этган ўзбекистонларнинг бир қисми Россиядан бошпана топган. Россия бу қочқинларнинг айримларини, қийноқлар ва ўлим хавфи бўлишига қарамай, Ўзбекистонга топширди.

Россиялик таҳлилчи Санобар Шерматованинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзолиги Тошкент ҳукуматига шу имкониятни берди.

“Россия ва КХШТга кирувчи бошқа давлатлар Ўзбекистонга террорчиликда гумонланган шахсларни ушлаб бериш кафолатини беради. Ўзбекистон учун эса бу жуда муҳим”,- дейди Санобар Шерматова.

Ҳафта охирида Тошкент Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бош вазирлари йиғинига мезбонлик қилади.

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили сўзларига кўра, айни йиғинда ҳам минтақа хавфсизлиги, террорчиликка қарши кураш ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилади.
XS
SM
MD
LG