Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:03

Кришначилар ер ва уйларидан маҳрум бўлди


Қозоғистонда деярли 10 йил давомида фаолият юритиб келган Кришнани англаш жамияти 47 гектардан зиёд ери Олмаота вилояти Қорасарой тумани суди қарори билан олиб қўйилганида диний сабабларни кўрмоқда.

Бундан 10 йил олдин Кришнани англаш жамиятига асос солган 3 киши Қорасарой туманида жойлашган 47 гектардан зиёд ерни фермердан сотиб олиб, уни обод қилган эди. Жамият аъзолари секин-аста кўпайиб, улар шахсий ферма яратишга муваффақ бўлганди. Аммо куни-кеча Қорасарой тумани суди қарори билан кришначиларга тегишли ер аввалги эгасига қайтариб олиб берилди. Ерсиз ва уйсиз қолган кришначиларга эса Қозоғистон ҳукумати товон пули ҳам, олиб қўйилган ер ўрнига бошқа ер ҳам таклиф этгани йўқ. Ҳукумат бу масалада изоҳ беришдан бош тормоқда.

Жорий йил бошида жамиятга тегишли ерда жойлашган, кришначиларнинг 26 оиласи яшайдиган уйлар бузиб ташланган эди. Жамият матбуот котиби Максим Варфаломеев ҳозир жамиятнинг элликка яқин аъзоси, жумладан, ёш болалар, қариялар ва аёллар таниш-билишлариникида – чордоқларда, коридорларда яшаётганини маълум қилди.

“Аслида еримиз билан боғлиқ муаммо хўжалик характерига эмас, балки диний мотивларга эга. Бугунги кунда нафақат бизнинг жамият ҳуқуқлари поймол этилмоқда, балки мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган бошқа қатор ноанънавий диний ташкилотларга ҳам қаттиқ босим ўтказилмоқда. Биз бундай картинадаги ёрқин бир кўринишимиз, холос”,- дейди М.Варфаломеев.

Сўнгги вақтларда маҳаллий матбуотда айрим диний ташкилотлар, жумладан, католик ва протестант черковлари хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ордерсиз тинтув қилингани, бундай ташкилотлар рўйхатдан ўтказилмаётгани, уларнинг аъзоларига катта-катта жарималар солинаётгани ҳақида хабарлар кўпайиб қолди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис яқин кунларгача Қозоғистонда қўшни давлатлардагидан фарқли ўлароқ, диний толерантлик мавжуд бўлгани, аммо бу ердаги вазият ҳам кун сайин Ўзбекистондагига ўхшаб бораётганини таъкидлади.

“Ҳозир Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги вазиятларда ўхшашлик бор. Фақат Қозоғистонда рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар ва уларнинг аъзоларига ҳозирча енгилроқ жазо қўлланиляпти. Яъни диний озчиликлар фаолиятини экстремизмга тенглаштириш йўқ бизда”, - деди Евгений Жовтис.
XS
SM
MD
LG