Линклар

logo-print

Қозоғистонга келган гастарбайтерларнинг 70 фоизи ўзбекистонликдир


Куни-кеча Қозоғистоннинг Кўкчатов вилояти миграция департаменти вилоятдаги қурилиш объектларида ишлаётган ўзбекистонлик 15 нафар нолегал меҳнат муҳожирини юртига депортация қилганини билдирди.

Ҳозир ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз юртига депортация қилинаётгани ҳақидаги бу каби хабарларни деярли ҳар ҳафтада эшитиш мумкин. Эндиликда бу янгилик бўлмай қолди. Шунингдек, меҳнат муҳожирлари тушиб қолаётган қийин вазиятлар, муаммолар ҳам кўп бора тилга олинмоқда.

Қозоғистон расмийлари қўшни мамлакатлардан келаётган гастарбайтерлар мамлакат иқтисодиёти учун фойда келтираётганини айтса-да, лекин уларга зарурий шарт-шароитлар яратишга интилаётгани йўқ. Натижада легал ва нолегал мигрантлар иш берувчи томонидан алданмоқда, жинсий ва меҳнат эксплуатациясига учрамоқда, қул сифатида ишлатилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси ходимаси, меҳнат муҳожирлари ва қочқинлар иши бўйича мутахассис Виктория Тюленева бу ҳолатларнинг мавжудлиги ҳукуматнинг гапи бошқа, иши бошқа эканидан дарак беришини айтади.

Қозоғистон Миграция қўмитаси октябрь ойи ўрталарида тарқатган маълумотга кўра, бу йил мамлакатга ўтган йилгидан кўра 41 фоиз кўп меҳнат муҳожири келган, уларнинг аксари, тўғрироғи 70 фоизи Ўзбекистон фуқароларидир.

Миграция қўмитаси меҳнат бозорида иш ўрни етишмаётган бир пайтда меҳнат муҳожирлари оқими кучаяётгани маҳаллий аҳолининг уларга нисбатан тажовузкорлигини кучайтираётганини маълум қилган.

Олмаотадаги қурилиш объектларидан бирида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари муҳожирларга кун бермаслигини таъкидлади.

“Биз Қозоғистонга яхши ҳаётдан эмас, балки муҳтожликдан келяпмиз. Ишлайдиган кўп, иш топиш қийин. Оила боқиш қийин. Ўзимизда иш бўлса, шароит яхши бўлса, бу ерга келмасдик. Четда ишлашнинг ўзи бўлмайди”, - дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Ўзбекистонлик яна бир суҳбатдош эса Қозоғистонда меҳнат муҳожирларини ҳимоялаш учун ҳуқуқий меёрлар ишлаб чиқилиш вақти етганини билдирди.

“Гастарбайтерларни ҳайдаб чиқариш билан иш битмайди. Ўзбекистонлик мигрантлар ҳар қадамда хўрликка, камситишга учраётгани унутилиб кетмайди. Вақти келиб бу икки қўшни давлат халқлари ўртасида жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин”,- дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.
XS
SM
MD
LG