Линклар

Туркларнинг ғазаби оддий курдларга йўналиши хавфи бор

  • Сарвар Усмон

Баъзи кузатувчилар Курдистон ишчилар партияси пайдо қилган муаммо туфайли чигаллашган Туркия-Ироқ муносабатлари Туркиянинг курд тилида сўзлашувчи аҳолиси кўпчиликни ташкил қилувчи минтақаларидаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигини билдирмоқда.

Дипломатларнинг Анқара билан Бағдод ўртасидаги қатнов суръати баланд бўлганига қарамай, икки пойтахт муносабатларидаги кескинлик камайгани йўқ. Томонлар Туркия хавфсизлигига таҳдид қилаётган Курдистон ишчилар партияси исёнчилари масаласини қай йўсинда ечишни ҳал қила олмаётир.

Вазият эса тобора оғирлашмоқда.

Турк армиясининг 12 аскари 21 октябрь куни курд исёнчилари пистирмасига учраб ҳалок бўлгандан сўнг Туркия бўйлаб мамлакат байроғини адл тутган юз минглаб фуқаро Анқарадан кескин чоралар кўришни талаб қилди.

Яқинда бўлиб ўтган сайловда парламентдан бир неча ўрин эгаллаган курдпараст “Демократик жамият” партиясининг айрим шаҳарлардаги офисларига ўт қўйилди.

Туркиялик ва хорижий кузатувчилар вазият назоратдан чиқиб кетиш хавфи борлигини айтмоқда.

Курдлар Туркиядаги энг катта этник озчиликдир. Ўзларининг айтишича, Туркиядаги курдларнинг нуфуси бир неча миллион кишига боради. Бироқ бу борада аниқ статистика йўқ.

Курдлар, асосан, Туркиянинг жануби-шарқида, Эрон, Ироқ ва Сурия билан чегарадош ҳудудларда истиқомат қилади.

Туркия сафаридан яқинда қайтган америкалик эксперт Майкл Рубиннинг фикрича, мамлакатда миллатчилик кайфиятлари жуда кучайган.

“Истанбулдаги кайфият менга 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Вашингтон ва Нью-Йоркда кузатилган кайфиятни эслатди”,- дейди М.Рубин.

“Туркия янгиликлари” газетаси бош муҳаррири Мустафо Оқйўл туркларнинг ғазаби оддий курдларга йўналиб кетиши, бу эса, ўз навбатида, Курдистон ишчилар партиясига қўл келиши мумкинлигини билдирди.

“Назаримда, бу йўналишда жуда хавфли тенденция пайдо бўлди. Энг қизиғи, бу Курдистон ишчилар партияси интилаётган ишдир. Чунки уни Туркия курдларининг мутлақ кўпчилиги қўллаб-қувватламайди, уларнинг кўпчилиги Туркия қонунлари асосида тинч ва эркин яшашни истайди”,- деди Мустафо Оқйўл ва июль ойида бўлиб ўтган парламент сайловида ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси курдлар овозларининг 55 фоизини олганини эслади.

Мустафо Оқйўлнинг таъкидлашича, Туркия Курдистон ишчилар партиясига ва фақат унга қарши курашиши керак ҳамда Ироқ раҳбарияти, Ироқ шимолидаги курдлар минтақаси бошқаруви билан яхши муносабатда бўлиши ва миллатлараро можаролар олдини олиш учун жуда эҳтиёткор бўлмоғи лозим.
XS
SM
MD
LG