Линклар

Россия ўз фуқароларини Европа судига яқинлаштирмаслик чораларини кўрмоқда

  • Замира Шукур

Россия ҳукумати мамлакат фуқароларининг ўзларининг поймол қилинган ҳуқуқларини тиклашни сўраб, Европа инсон ҳуқуқлари судига мурожаат этишини чеклаш механизмини топишга кўпдан бери уриниб келмоқда.

Айни кунларда мамлакат Олий суди Россия адлия тизими фаолиятини яхшилаш ва Страсбург судини россияликлардан тушаëтган шикоят ëмғиридан озод қилишни даъво этаëтган қонун лойиҳасини ҳозирламоқда.

Октябрь ойи бошида Кремлда Олий суд раиси Вячеслав Лебедевни қабул қилган президент Владимир Путин фуқаролар ҳақлари бузилишига оид шикоятларни қаноатлантириш борасида адлия тизимини ислоҳ қилиш зарурати пишиб етилганини эътироф этди.

“Адлия тизимини ислоҳ қилиш россияликлардан тушаëтган ариза ëмғири остида қолган Европа суди елкасидаги юкни анча енгиллатган бўларди”,- деди В.Путин мазкур учрашувда.

Россия Олий суди матбуот котиби Павел Одинцов бундай ислоҳот эҳтиëжига кенгроқ тўхталди.




“Европа судига юборилаëтган аризалар, асосан, икки хил шикоятга асосланган. Биринчиси, вақтинчалик ҳибсхоналардаги зўравонликлар, иккинчиси, тергов жараëнида қоидаларнинг бузилиши. Мамлакат Олий суди президиуми учун ўз миллий ва ҳуқуқий тизими доирасида бундай муаммоларнинг аксар қисмини ҳал этиш осонроқ бўлади”,- деди П.Одинцов.

Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Россия Олий судининг ўз ҳуқуқлари бузилганидан норози бўлган фуқаролар аризасини тегишли тарзда ҳал этишига ишонмайди.

“Принцип жиҳатдан мен фуқароларнинг ўз мамлакатида тегишли ҳуқуқий ëрдамга эга бўлишида ҳеч бир муаммо кўрмайман. Аммо мен адлия тизимимизнинг ижроия ҳокимиятига қанчалик қарамлигини яхши биламан. Бу тизимни адлия тизими, дейишга ҳам одамнинг тили бормайди. Шу боис, бу тизимни ислоҳ этиш даъвоси билан бошланган ишларнинг қарамликни йўқ қилиши ва бирор самара келтиришига ишонмайман”,- дейди россиялик ҳуқуқшунос Юрий Шмидт.

Унинг сўзларига кўра, Европа инсон ҳуқуқлари суди кўпинча Россия ҳукуматига ëқмайдиган қарорлар чиқариб келаëтгани Олий суд ҳозирлаëтган қонун лойиҳаси ортидаги ҳақиқий сабабдир.

Россиялик нуфузли ҳуқуқ ҳимоячиси Мара Полякова ҳам Олий суд тайёрлаётган қонун лойиҳасига кучли шубҳа билан қарамоқда.

“Мен судьяларимизни, улар зеҳниятини яхши биламан ва таклиф қилинаëтган қонуннинг инсон ҳуқуқларига амал қилишни яхшилашига жуда катта шубҳам бор. Ўз муаммоларини Россия судлари, хусусан, Олий судда ҳал эта олмагани учун Россия фуқаролари айнан Европа судига мурожаат қилади”,- дейди Мара Полякова.

Франциянинг Страсбург шаҳрида, Россиядан минглаб километр масофада жойлашган Европа инсон ҳуқуқлари суди кейинги пайтларда ҳақиқатан ҳам россияликлар орасида машҳур бўлиб бормоқда. Биргина 2006 йилнинг ўзида Европа судига россияликлардан 12 минг шикоят аризаси келиб тушган. Бу эса 47 мамлакат аъзо бўлган Европа судига келаëтган жами аризаларнинг бешдан бирини ташкил этади.

Европа судининг Россия судлари қарорини бекор қилиш ҳақидаги ажримлари кўпдан бери Москванинг ғашига тегмоқда. Европа суди бекор қилган бундай қарорлар ичида Россия судлари ўзбекистонлик бир неча қочқинни юртига қайтариш тўғрисида чиқарган ҳукмлар ҳам борлигини эслатиш жоиз.
XS
SM
MD
LG