Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:24

Алишернинг ҳақиқий қотиллари топилишига ишонч кам


Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари яқинда Ўшда ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг қотилларини топиш учун ишни ҳозирча журналистнинг ҳамкасблари ва ҳукуматга ёқмайдиган диний гуруҳларни босимга олишдан бошлади.

Халқаро ҳамжамият эса расмий Бишкекни А.Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан жиддий ва мустақил тергов ўтказиб, жамоатчиликка қотиллик ижрочи ва буюртмачиларини топиб беришни сўрамоқда.

Журналист ўлдирилган 24 октябрданоқ бошланган бундай даъватларга “Амнисти интернешнл” ва ЮНЕСКО ҳам қўшилди.

БМТнинг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича идораси бўлмиш ЮНЕСКО бош директори Коичиро Матцуура мустақил ўзбек журналисти ўлдирилишини кескин қоралади ва унинг қонини тўкиш билан бугун ўзбек жамияти тушиб қолган муаммоларни ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

ЮНЕСКО бош котибининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича ëрдамчиси Могенс Шмидт ўз раҳбари бундай баëнот билан журналистни ўз касбий фаолияти учун ўлдиришнинг қабул қилиб бўлмас жиноят эканини яна бир бор таъкидлашини айтади.

“Бундай баëнот орқали биз, биринчидан, мустақил журналист А.Соиповнинг ўлдирилганидан огоҳликни ошириб, ҳамма, хусусан, Қирғизистон раҳбариятини халқаро жамоатчилик бу воқеани яқиндан кузатиб, ундан қаттиқ хавотирда эканидан огоҳлантирмоқдамиз. Қолаверса, айни шу муждани дипломатик каналлар орқали ҳам расмий Бишкекка етказишга уриняпмиз”,- дейди ЮНЕСКО расмийси.

Одатда, ЮНЕСКО бош директори бундай қотилликни қоралаб, унга ўз норозилигини ифодалар экан, бу билан у тегишли идораларни қотиллик юзасидан синчков текшириш ўтказиш ва ҳақиқатни юзага чиқаришга даъват қилади.

“Афсуски, бундай даъват ҳали қотиллик ортидаги асл жиноятчилар топилди ва жазосини олди, дегани эмас”,- дейди Могенс Шмидт.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган “Амнисти интернешнл” ташкилоти ҳам Қирғизистон ҳукуматини А.Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан мустақил, бетараф ва синчков тергов ўтказиб, қотилликка оид ҳақиқатни жамоатчиликка ошкор қилишга чақирди.

Ташкилотнинг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Мейси Вейшердинг А.Соиповнинг Ўш марказида одамлар кўз ўнгида ваҳшийларча отиб кетилиши кимнинг иши эканини охиригача тафтиш қилиш ва ҳақиқатни жамоатчиликка етказиш ўта муҳим эканини айтди.

“Агар жиноят очилмай қолса, бу ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларга ўз ҳаётидан хавфсирашга туртки беради. Агар Қирғизистон ҳукумати сўз эркинлигини таъминлаб, мамлакатда ҳақиқий фикрлар баҳсига йўл беришни истаса, журналистларнинг ўз ҳаëти учун қўрқувда яшаши олдини олиши лозим”,- деди М.Вейшердинг.

Мустақил ўзбек журналистининг ўлдирилиши билан боғлиқ терговни мураккаб сиëсий ҳодисага айлантираëтган жиҳат аксар мустақил кузатувчиларнинг қотиллик ортида Ўзбекистон махфий хизматлари қўли борлиги ҳақидаги шубҳаларидир. Қирғизистон расмийларидан биринчи бўлиб мамлакат омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли “Озодлик” билан суҳбатда А.Соиповни ўлдиришдан айнан Ўзбекистон режими манфаатдор экани ва бу ишда қўшни давлат махфий хизматининг қўли борлиги терговга маълумлигини таъкидлади.

Айнан шу жиҳат, яъни А.Соиповнинг ўлимида Ўзбекистоннинг қўли борлиги эҳтимоли қотиллик юзасидан ўтказилаётган тергов жараëнининг ҳақиқатни фош қилишгача бориб етишига ишончсизлик уйғотмоқда.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази директори Олег Панфилов ҳам А.Соиповнинг ўлдирилиши Ўзбекистон режимининг иши, деган фикрда.

Аммо у ҳам аксар кузатувчилар каби халқаро ташкилотлар қилаëтган даъват ва чақириқларга қарамай, Қирғизистон ҳукуматида А.Соиповнинг ҳақиқий қотилларини аниқлаб, улар номини жамоатчиликка ошкор этиш учун сиëсий ирода йўқлигини билдираётир.

“Чунки Қирғизистонни Ўзбекистонга қарам қилиб қўйган қатор омиллар бор. Бу, биринчидан, ўзбек газига қарамлик. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг минтақадаги геосиëсий таъсири ва учинчидан, Қирғизистонда рўй берган жиддий сиëсий эврилишлардан сўнг мамлакат хавфсизлик хизматларининг Ўзбекистон махфий хизматлари Қирғизистон жанубида қилаëтган бедодликларни тўхтатишга қурби етмайдиган бўлиб қолган”,- деди Олег Панфилов.

Бундай тушкун башоратларга қарамай, ЮНЕСКО расмийси Могенс Шмидт А.Соиповнинг асл қотилларини топишдан манфаатдор Қирғизистон раҳбарияти жиноятни охирига қадар тафтиш этиб, қотилликка оид ҳақиқатни ошкор этишига умидлар ҳам йўқ эмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG