Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:32

Тожикистонда бу йил ёруғроқ бўладими?


Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳукуматлараро имзоланган шартномага биноан 1 ноябрдан туркман электр энергияси Тожикистонга етказиб берила бошлайди.

Бу ҳақда маълум қилган “Барқи тожик” очиқ акциядорлик компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гуловнинг билдиришича, жорий куз-қиш мавсумида Тожикистон Ўзбекистоннинг электр узатиш тармоқлари орқали Туркманистондан бир миллиард 200 миллион киловатт соат электр қуввати олади.

“Тожикистон Ўзбекистон орқали Туркманистондан кунига 20 миллион киловатт соат электр энергияси олади. Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас. Куни-кеча Ўзбекистон томони ҳам бу жараёнга тўла тайёр эканини маълум қилди”,- деди Рашид Гулов.

Унинг айтишича, Туркманистондан олинадиган электр энергия Тожикистоннинг ягона энергия тизимига қўшилади. Туркман электрининг муайян қисмини Тожикистон алюминий заводига бериш режалаштирилган.

“Шу пайтга қадар алюминий заводи учун ажратилаётган электр энергиясининг катта қисми эса мамлакат аҳолиси эҳтиёжига сарфланади. Аҳоли фойдаланадиган электр қувватига белгиланган лимит бу йил бутунлай бекор қилинмаса-да, фуқароларимиз жорий йилда аввалги йиллардаги каби электр танқислигини сезмайди”,- деди Рашид Гулов.

Таҳлилчилар “Барқи тожик” ширкати баёнотига унчалик ишонч билан қараётгани йўқ.

Мустақил таҳлилчи Тоҳир Абдужаббор бир давлатдан учинчи давлатга иккинчи давлат орқали кунига катта миқдордаги электр қуввати узатиш бошланиши учун, аввало, ҳар уччала давлат ҳам бу жараёнга тайёрлиги тўғрисида бир-бирини расман хабардор қилиши кераклигини айтади.

“Аммо, билишимча, Тожикистон Ўзбекистондан ҳам, Туркманистондан ҳам фақат оғзаки хабар олган. Эртага Ўзбекистон туркман электр энергиясини Тожикистонга узатишга техник муаммолар тўсиқ бўлаётганини айтмаслигига ким кафолат беради? Ўтган йилларда Қирғизистондан электр энергияси олишда айнан шунга гувоҳ бўлган эдик”,- деди Тоҳир Абдужаббор.

Туркманистондан Тожикистонга электр қуввати етказиб бериш ҳақидаги шартнома 30 август куни имзоланган эди. Бу икки давлатнинг энергетик ҳамкорлигига кейинроқ Ўзбекистон ҳам розилик берган ва октябрь ойи бошларида бу ҳақда уч томонлама шартнома имзоланганди.
XS
SM
MD
LG