Линклар

Алишернинг ўлими сабаблари сиёсийлаштирилмоқда


Бишкекда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар “Сўз эркинлиги хавф остидами?” мавзуида шошилинч йиғилиш ўтказди. Бунга ўшлик таниқли журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг бу борада 30 октябрь куни тарқатган баёноти сабаб бўлди.

ИИВ баёнотида А.Соипов тақиқланган адабиётларни сақлаганликда ва Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош билан алоқада бўлганликда айбланади.

“А.Соипов муҳаррирлик қилган “Сиёсат” газетаси сиёсий характерга эга бўлиб, асосан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги президенти диктатураси ва 2005 йили Андижонда бўлиб ўтган воқеаларни ёритган”,- дейилади баёнотда.

Шунингдек, унда Ўзбекистон томонидан А.Cоиповга нисбатан мафкуравий босимлар ўтказилгани, Ўзбекистон матбуотида унга қарши мақолалар чоп этилгани ҳамда телекўрсатувлар уюштирилгани таъкидланади.

ИИВ матбуот котиби Бақит Сейитов сўзларига кўра, терговда А.Соиповнинг Ўзбекистондаги мухолифат партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан жуда яқин алоқада бўлгани, бундан ташқари, унинг “Ҳизб ут-таҳрир” лидерлари ва ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош билан алоқаси борлиги аниқланган. Шунингдек, марҳум журналист расмий Тошкент томонидан қидирувда бўлган шахсларга кўмак кўрсатгани ҳам маълум бўлган.

“Андижон воқеаси лидери ҳисобланган Қобилжон Парпиевни ўз уйида яшириб, кейинроқ эса Қозоғистонга қочириб юборгани ҳам бугунги кунда маълум бўлиб турибди. Қолаверса, А.Соиповнинг компьютеридан “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига тааллуқли китоблар ва дастурларнинг электрон версияси ҳам топилган”,- деди Бақит Сейитов.

Қирғизистондаги фуқаровий жамият вакиллари ИИВнинг бу баёнотини сиёсий тус берилган билдирув сифатида баҳоламоқда.

“А.Соиповнинг файлларида экстремистлар, қотиллар ва яна кўплаб маълум ва номаълум шахсларнинг маълумотлари сақланиши табиий ҳолдир. Чунки у журналист эди ва шу мавзуларни ўрганган, ўша соҳа вакиллари билан учрашган. Бундай файллар топилгани учунгина журналистни ёмонотлиққа чиқариш ақлга сиғмайдиган ҳолат”, - дейди Қирғизистондаги нуфузли жамоат арбоби Эдил Байсалов.

У Қирғизистон фуқаролик жамияти Ички ишлар вазирлиги олиб бораётган терговни қониқарсиз, деб ҳисоблашини билдирди.

“Тергов нотўғри йўналишда бормоқда, деб ҳисоблайман. Чунки тергов ўзига қулай йўлни танлаган. Унинг мақсади марҳум журналистни жамоатчиликка қоралаб, қотилликни жиноят олами ҳисоб-китоби сифатида кўрсатишдир”,- деди Эдил Байсалов.

Қирғизистон бош вазири раҳбарлигидаги Социал демократлар партияси сиёсий кенгаши аъзоси Одил Турдиқулов ҳам ИИВ баёнотини ўта сиёсийлаштирилган, деб билишини таъкидлади.

“ИИВ эълон қилган фактлар аввалдан маълум эди. Бу баёнотда ёш журналистнинг мухолифатчилик фаолиятига кўпроқ ўрин берилган. Аммо ҳукуматимиз ва ҳуқуқ-тартибот тизимларининг биринчи галдаги вазифаси унинг хавфсизлигини таъминлаш эди. Лекин улар бу борада ҳеч қандай чора кўрмади. Бугунги кунда эса ҳуқуқ-тартибот идораларининг асосий вазифаси аҳоли фикрини чалғитиш эмас, қотилларни топиш бўлиши керак”,- деди Одил Турдиқулов.

Аввалроқ Қирғизистон Омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли А.Соиповнинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматлари қўли борлиги тўғрисида махсус баёнот тарқатган эди. Бироқ Қирғизистон ИИВ бу даъволарни расман тасдиқлагани йўқ.

“А.Соиповнинг ўлдирилишига унинг касбий фаолияти сабаб бўлган, деган версия асосийдир. Бундан ташқари, унинг турли оқимлар, партиялар, мухолифатчилар билан алоқаси ҳам ўрганилмоқда. Айни пайтда қотиллар шахси аниқланган ва уларга қидирув эълон қилинган”,- деди ИИВ матбуот котиби Бақит Сейитов.
XS
SM
MD
LG