Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:59

Тожикистонда ўқийдиган ўзбекистонлик ёшлар сони кескин камайди


Тожикистон олий ўқув юртларига ўқишга кираётган ўзбекистонлик ёшлар сони кескин камаймоқда. 2007-2008 ўқув йилида ўзбекистонлик атиги 20 йигит-қиз Тожикистонда талаба бўлди.

Шундан 7 нафари Тожикистон Миллий университетининг турли факулътетларига, қолган 13 нафари эса Тожик-славян университетида ўқимоқда.

Тожикистон таълим вазири ўринбосари Ирина Холова сўзларига кўра, аввалги йилларда ўзбекистонлик 200, ҳатто ундан ортиқ йигит-қиз Тожикистон олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, ўқишга кирар эди.

Хўш, нега бу йил ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, Тожикистонда ўқишни истовчи ўзбекистонликлар сони 10 баравар камайиб кетди.

Садриддин Айний номидаги Тожикистон педагогика университетининг география факулътети декани Алишер Жўраев бунинг сабабини Тожикистон Таълим вазирлиги қабул қилган қарорда кўради.

“Тожикистонда ўқиш истагида бўлган хорижий фуқаролар, жумладан, ўзбекистонлик абитуриентлар ўз аттестатларини Таълим вазирлигимизда настрификациядан ўтказиши шарт қилиб белгиланди. Бу эса уларнинг ўқишга ҳужжат тахтлаш жараёнини қийинлаштириб қўйди”,- дейди декан.

Тожикистонда таълим олиш истагида бўлган хорижликларнинг аксариятини эса ўзбекистонликлар ташкил этади.

Юқорида таъкидланганидек, бу йил Тожикистонда талаба бўлиш бахтига сазовор бўлган 20 нафар ўзбекистонликдан 13 таси Тожик-славян университетига ўқишга кирган. Бунинг сабаби эса, мазкур университетнинг халқаро алоқалар факультети декани Раҳмон Ўлмасов сўзларига кўра, бу таълим даргоҳида ўқиш учун хорижий абитуриентлардан ўз аттестатини давлат тилига таржима қилиш ва Таълим вазирлиги настрификациясидан ўтиш талаб қилинмаган.

“Чунки Тожикистон Таълим вазирлиги қабул қилган қарорлар бизнинг университетимизга тааллуқли эмас. Биз Россия қонунлари асосида ишлаймиз. Бизга ҳужжат топшириш истагида бўлган ҳар қандай хорижий фуқаро, хусусан, ўзбекистонликлар аттестати тўғридан-тўғри университетда қабул қилинади”,- деди Р.Ўлмасов.

Айни шу сабаб бу йил Тожик-славян университетида ўқишга кирган ўзбекистонликлар сони, мамлакатдаги бошқа олий ўқув юртларидан фарқли ўлароқ, ўтган йилгидан бир баробар кўпайган.

Нега хорижликлар, хусусан, ўзбекистонликларнинг Тожикистонда ўқиш имконияти чеклаб қўйилгани ҳақидаги саволга Таълим вазирлигидан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

2000 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон Таълим вазирликлари ўртасида ҳар икки давлат фуқароларининг бир-бирининг олий ўқув юртларида ўқиши тўғрисида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Бироқ Тожикистон Таълим вазирлигининг янги қарори бу шартномага мос бўлмаса-да, бу ҳақда янги келишувга эришилмаган.
XS
SM
MD
LG