Линклар

Партияларнинг телефонлари нега “бузуқ”?

  • Сарвар Усмон

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон президенти сайловига ўз номзодлари билан иштирок этиш истагини билдирган бешта расмий партиянинг бугунги кундаги ташвишларини ўрганмоқчи бўлди.

Гапнинг бошиданоқ айтиш қўйиш мумкин, бу партиялар ўзларининг бугунги кунда қилаётган ишлари билан ўртоқлашишга, балки фақат “Озодлик” радиосига шундай муносабат қилинаётгандир, рағбат билдирмади.

Аввало, амалдаги президент Ислом Каримов номзодини янги муддатга кўрсатишга қарор қилган Ўзбекистон либерал демократик партияси ҳаётига оид янгилик.

Фарғонадан олинган хабарга қараганда, партиянинг вилоят бўлими аъзолари 29 октябрь куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказган.

Мазкур издиҳом тўғрисида тўлароқ маълумот беришини сўраб, партиянинг марказий идорасига телефон қилдик. Гўшакни кўтарган ходим ўзини таништирмади ва Фарғонада бўлиб ўтган тадбирдан хабари йўқлигини билдирди.

Партиянинг бўлажак қурултойи муддати ҳақидаги саволга эса: “Съездни ноябрнинг биринчи декадасида ўтказиш мўлжалланяпти. Лекин аниқ куни белгиланган эмас”,- дейиш билан чекланди.

Шунингдек, ЎзЛДПнинг сайловолди дастури тўғрисида ҳам маълумот олишнинг имкони бўлмади. ЎзЛДП вакиллари партиянинг матбуот хизматига мурожаат этишни тавсия этди. Матбуот хизмати эса, афтидан, 31 октябрь куни дам олди.

Сайловолди қурултойини биринчилардан бўлиб ўтказган “Фидокорлар” вакили ҳам матбуот хизматига боғланишни тавсия қилди, аммо бу партия матбуот хизмати ҳам 31 октябрь куни дам олган кўринади.

Ўзбекистондаги расмий партиялар орасида энг оқсоқоли бўлмиш Халқ демократик партиясининг телефон гўшагини кўтарган ходимига эса телефон ёки қулоғи панд берди, шекилли. Аввалига яхши эшитаётганини айтган партия вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашаётганини билганидан сўнг ҳеч нарсани эшитмай қолди.

ХДП кўрсатадиган номзод президентликка сайланиб қолса, телефонга бир эътибор бериб қўяр.

31 октябрь куни “Миллий тикланиш” партиясига ҳам сим қоқдик. Лекин тузуккина ишлай бошлаган телефон ўзимизни таништиришимиз биланоқ ишламай қолди.

Агар матбуот хизматлари ишга чиққанида ёки телефонлар яхши ишлаганида партиялардан уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисида сўрамоқчи эдик. Бўлмади.

Балки партияларнинг мухбирлар билан гаплашишга вақти йўқдир. Чунки шу кунда улар сайловчилар имзоларини йиғиш билан банд.

“Шу кунларда маҳалла қўмиталари юқоридан олган буйруқни бажариб, аҳолидан партиялар учун имзо йиғиб беряпти. Ҳар бир партияга икки юзтадан”,- дейди фарғоналик бир сайловчи.

Демак, сайловга ўз номзоди билан қатнашмоқчи бўлиб турган 5 та расмий партия учун қонун талаб қилган имзоларни маҳалла қўмиталари йиғиб бермоқда. Бу ҳолатни сиёсатшунослар “маъмурий ресурслардан фойдаланиш”, деб шарҳлаган бўлур эди.

Ҳар бир партия ўз номзоди учун сайловчилардан 5 фоизининг имзосини йиғиб топшириши керак. Баъзи ҳисоб-китобга қараганда, 5 фоиз 814 минг 870 сайловчи, деганидир.
XS
SM
MD
LG