Линклар

Мадрид портлашлари айбдорларига ҳукм ўқилди

  • Фаррух Юсуфий

2004 йилги Мадрид портлашлари юзасидан ўтказилган суд ҳукми билан қора курсидаги 28 айбланувчидан 21 нафарига узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланди, 7 судланувчи эса оқланди.

2004 йилнинг 11 марти Испания, қолаверса, бутун Европа учун 11 сентябр воқеалари каби кун бўлди. Мадриднинг гавжум йўловчи поездларида амалга оширилган 10 та портлаш Европанинг янги тарихида энг талафотли террор хуружи бўлган эди.

Мадрид суди судьяси Ҳавьер Гомес Бермудес раислигида ўтказилган суд мазкур воқеа юзасидан айбланаётганлар иши юзасидан чоршанба куни ҳукм чиқарди. Мадрид портлашларининг асосий ташкилотчилари сифатида кўрилган тўрт киши, жумладан, Марокаш фуқароси Усмон ал-Нурий айбдор топилди.

“Усмон ал-Нурийни қуролланган гуруҳ ва террорчи ташкилотнинг жиноятини уюштирганлик, 191 кишининг ўлимига сабаб бўлган террор ҳаракати, 1856 киши жонига қасд қилганлик, террорчиликка алоқадор тўрт жиноят, расмий ҳужжатни террор ҳаракати мақсадида қалбакилаштиришга оид бир жиноятда айбдор топишни лозим кўрдик ва уни айбдор, деб эълон қиламиз”, - дея ҳукмни ўқиди судья.

Ал-Нурий ва у билан қора курсида ўтирганларнинг баъзиларига 40 минг йилгача бўлган қамоқ жазоси берилди, лекин Испания қонунларига кўра, бир кишига бериладиган қамоқ жазоси 40 йилдан ошмаслиги керак.

Айбланувчилардан етти нафари, жумладан, террор хуружини ташкил этишда гумонланган асли мисрлик Рабай Усмон Сайид Аҳмад далиллар етишмагани боис оқланди.

Чоршанба куни ўқилган ҳукмни Испанияни ларзага солган воқеанинг сокин якуни бўлди, дейиш мумкин.

2004 йилда Мадриднинг Атоҳа темир йўл вокзалида содир этилган портлашларда 191 киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам жароҳатланганди.

Дастлаб Испания ҳукумати ҳужум учун масъулиятни баск айирмачилари зиммасига юклашга ҳаракат қилди. Лекин ўтказилган тергов натижасида портлашлар ортида Шимолий Африка мамлакатларидан чиққан исломчи гуруҳлар тургани аниқланди. Бу гуруҳлар “Ал-Қоида” ғояларини қўллаб-қувватлаши айтилган бўлса-да, уларнинг Усама бин Лодин ташкилотига бевосита алоқаси борлиги исботланмади.

Мадрид портлашлари Вашингтоннинг Ироқ урушидаги яқин иттифоқчиси бўлган Хосе Мария Аснар етакчилигидаги Халқ партиясининг ҳокимиятдан мосуво бўлишига олиб келди. Кўп ўтмай Испания Ироқдаги қўшинларини олиб чиқди. Бу воқеалар туфайли Испаниянинг ташқи сиёсати ҳақидаги баҳсу мунозаралар бугун ҳам тўхтагани йўқ.

Испаниянинг амалдаги бош вазири Хосе Луис Родригес Сапатеро Мадрид портлашлари юзасидан суд ҳукмини қисқача “адолат қарор топди”, дея баҳолади.
XS
SM
MD
LG