Линклар

logo-print

Британиялик вазир Ўзбекистонда замонавий қулдорликнинг ёрқин мисолини кўрди

  • Фаррух Юсуфий

http://gdb.rferl.org/1F2B9CB5-9AAB-4B44-B1C0-B9EB5C63E9FE_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/1F2B9CB5-9AAB-4B44-B1C0-B9EB5C63E9FE_mw800_mh600.jpg Буюк Британия савдо ва тараққиёт вазири Гарет Томас Ўзбекистон ҳукуматининг пахта йиғим-теримида ёш болалар меҳнатидан фойдаланишини замонавий қулдорликнинг яққол мисоли, дея баҳолади.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари ҳар қандай шаклдаги болалар меҳнати, жумладан, пахта йиғим-терими ёки қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ёш болалар меҳнатидан фойдаланишни маън этади.

Бироқ сешанба куни “Би-Би-Си” телеканалида эфирга берилган репортажда бунинг аксини тасдиқловчи манзара кўрсатилди. Ўзбекистонга пахта ярмаркасини ёритиш учун келган мухбир пахта далаларини ҳам айланиб чиқиб, у ерда тонгдан шомгача тер тўкаётган болалар ҳақида ҳам лавҳа тайёрлаб қайтди. Репортаж давомида мухбир билан суҳбатлашган 9-10 ёшдаги ўзбек ўғил-қизлари мухбирнинг “нега мактабга бормадингиз”, деган саволига “пахтани териб олсак ўқишга қайтамиз”, “мактаблар ёпилган, ҳамма пахтада” каби жавобларни қайтаради. “Данак”дай келадиган бола кунига 60-70 кило пахта теришини ҳам айтади мухбирга.

“Би-Би-Си” репортажидан ҳайратга тушган Буюк Британия савдо ва тараққиёт вазири Гарет Томас Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан фойдаланаётганини “қулдорликнинг замонавий кўринишига ёрқин мисоллардан биридир”, дея баҳолади.

Ўзбекистонда болаларнинг пахта далаларига ҳайдаб чиқарилиши собиқ иттифоқ даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам одатий ҳолга айлангани сир эмас. Лекин “оқ олтинни олтин қўллар яратиши”ни айтиб келган совет режими каби мустақил Ўзбекистон ҳукумати ҳам болалар меҳнатидан фойдаланаётганини тан олгиси келмайди. Ўзбекистон расмийлари “Озодлик” мухбирининг бу ҳақдаги саволларини ҳам бу гал ҳар сафаргидек жавобсиз қолдирди.

Бироқ оддий кишилар бу йил болалар меҳнатидан фойдаланиш янада ашаддий тус олгани, ҳатто саломатлиги тўғри келмайдиган талабалар ҳам ёппасига далага чиқишга мажбурланганини билдирди.

Баъзи вилоятларда пахта мавсумига, айниқса, катта масъулият билан ёндашилди. Масалан, Андижон вилоятида бу йилги пахта мавсуми ҳарбий-полициявий тартибда ўтказилди. У ерда махсус пахта отрядлари ташкил этилди.

Самарқанд вилояти туманларидан бирида мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган суҳбатдошлардан бири пахта мавсумида ўқиш тақа-тақ тўхтаганини маълум қилди.

Британия ҳукумати мулозими Ўзбекистондаги болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятни “қулдорлик”, деб атаётган бир пайтда сешанба куни Ўзбекистон Олий Мажлисида болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг мамлакатда қандай бажарилаётганига оид муҳокамалар бўлиб ўтди.

“Олий Мажлиснинг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов бошқарган муҳокама қатнашчилари президент Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган давлат дастурлари туфайли болалар ҳуқуқлари конвенцияси муваффақиятли бажарилаётганини қайд этди”,- деб хабар қилди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Хусусан, мамлакатда бугунги кунда 10 мингга яқин мактабда 450 мингдан ортиқ ўқитувчи беш ярим миллион болани ўқитаётгани ҳам президент Каримов туфайли эканини таъкидлади улар.

Олий Мажлисда бўлган муҳокама қатнашчилари бугун Ўзбекистон 28 миллион аҳоли борлиги, улар ҳаводан нафас олаётгани, кечаси ухлаётгани, ҳатто сув ҳам ичаётгани президент Каримовнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган давлат дастурининг ютуқлари эканини эслаб ўтирмаганини айтади кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG