Линклар

АҚШ доллари янада қадрсизланиши мумкин


Аваз Алиев АҚШ Марказий банки доллар қийматини сақлаб қолиш учун процент ставкаларни камайтиргандан сўнг евронинг АҚШ долларига нисбатан қиймати илк бор 1 доллар 45 центга кўтарилди.

АҚШ Марказий банкининг процент ставкаларни камайтириш, яъни доллар қийматини тушириш борасидаги ҳаракати кўпчилик учун янгилик бўлмади.
Сўнгги ойлар мобайнида иккинчи бор амалга оширилаётган бундай ҳаракат жаҳоннинг энг йирик иқтисодиётларидан бирини сақлаб қолишга бўлаётган уриниш ўлароқ баҳоланмоқда.

АҚШ Марказий банки бу гал доллар қийматини 0,25 фоиз туширди, лекин долларнинг бу тушиши кутилганидек кескин бўлмади.

“Доллар 0,25 фоиз тушган бўлса-да, унинг қиймати йилнинг охиригача яна тушиши тахмин қилинмоқда, бироқ унинг қанча тушиши келаси ойда эълон қилиниши кутилаётган иқтисодий маълумотларга боғлиқ. Бугун ёки эртага кўплаб иқтисодий ҳисоботларнинг эълон қилиниши кутилмоқда ва улар вазиятга таъсир этиши мумкин. Нима бўлишидан қатъи назар, йилнинг охиригача долларнинг қиймати Марказий банк томонидан туширилиши кутилмоқда”,- дейди лондонликк иқтисодий таҳлилчи Жеймс Ҳьюгес.

Таҳлилчи тилга олган муҳим ҳисоботлардан бири иқтисодий вазиятнинг аҳволини баҳолаб берувчи ишсизлик тўғрисидаги ҳисоботдир.

Шундай бўлса-да, АҚШ Марказий банки яқин орада доллар қийматини тушириш режалаштирилмаётганини билдирди.

Лондонлик яна бир таҳлилчи Юлиан Жессоп ҳамма нарса ўзгариши мумкинлигини айтади.

“Аслида Марказий банкнинг доллар қийматини туширишга кўзи учиб тургани йўқ. Кечаги баёнотда бу кўрсаткич яқин келажакда сақланиб қолишига ишора ҳам қилинди. Бироқ бу ўзгаради. Меҳнат бозори заифлигича қолаётгани, кўчмас мулк бозори ҳали бери ўзига кела олмаётгани, агар Марказий банк процент ставкаларини камайтиришни режалаштирмаётган бўлса ҳам, эълон қилиниши кутилаётган ҳисоботлар уни шунга мажбурлайди”,- дейди Юлиан Жессоп

Хўш, доллар қиймати туширилиши нимани англатиши мумкин?

Доллар қийматининг пасайтирилиши яқин келажакда АҚШ иқтисодиётига ижобий таъсир этиши мумкин, бироқ бу долларнинг жаҳон бозоридаги қийматини янада пасайтирмай қолмайди. Шунинг учун қачонлардир ўта бақувват бўлган долларнинг евро ёки фунтга нисбатан яна қанча қадрсизланишини башорат қилишга мутахассислар журъат эта олмаяпти.
XS
SM
MD
LG