Линклар

Алишер Воҳидов ножоиз аламзада бўлдимикин?

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Алишер Воҳидов расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари мавзусидан бир мамлакатнинг ички ишларига аралашиш воситаси сифатида фойдаланишга қарши эканини билдирди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасида сўзга чиққан А.Воҳидов Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокама қилинганда муҳокамалар ортида ҳар доим сиёсий мақсадлар ва нохолислик ётишини таъкидлади.

“А.Воҳидов БМТ минбаридан туриб инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик шаффоф ва адолатли бўлиши лозимлигини таъкидлади”,- деб ёзди расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти.

Ўзбек дипломати Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги халқаро ҳамжамият танқидлари нохолис экани ва бу мавзу, асосан, Ўзбекистон ички ишларига аралашиш учун ишлатилишига ишора қилди.

“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлик тенгҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларига асосланиши лозим”,- деди Алишер Воҳидов.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Андреа Берг А.Воҳидовнинг таъкидлари асоссиз эканини билдирди.

“Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажарганида эди, ўзига нисбатан айтилаётган танқидлардан аламзада бўлмаган бўларди. Чунки Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро келишувларни имзолаган ва муайян мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Шунинг учун инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши Ўзбекистоннинг ички иши, дейиш ҳам нотўғри. Расмий Тошкент халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган экан, бу мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш халқаро миқёсдаги вазифадир”,- деди Андреа Берг.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Искандар Худойберганов мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли экани ҳеч кимга сир эмаслигини айтади.

“Ўзбекистон ҳукумати ўз халқининг ҳуқуқларини қўпол тарзда бузаётган экан, халқаро қонунларга кўра, вазиятга аралашиш халқаро ҳамжамиятнинг вазифаси бўлиб қолади, Тошкент режими эса бу оддий ҳақиқатни тушунишни истамайди”,- дейди И.Худойберганов.
XS
SM
MD
LG