Линклар

Украина яна ўзбек қочқинларини овлашни бошлади

  • Ҳурмат Бобожон

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Украина махсус хизматлари ўзбек қочқинларини овлаш кампаниясини яна бошлаб юборгани тўғрисида хабар тарқатди.

Ташкилотнинг билдиришича, Украина махсус хизмати ходимлари Ўзбекистон томони сўрови асосида айрим ўзбекистонлик қочқинларни суриштиришни бошлаган. Хусусан, 31 октябрь куни улар Киевга яқин Мостише қишлоғидаги ўзбек қочқинлари яшайдиган хонадонга бориб, у ердагилардан айрим шахслар, жумладан, айни хонадонда яшаб келган ака-ука Шуҳрат ва Акмал Ғозиевлар ҳақида сўраган ва қаердалигини аниқлашга уринган. “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланаётган бу шахсларга Ўзбекистонда қидирув эълон қилинган.

Қўқонлик Акмал Ғозиев ҳозир Францияда бошпана топган. Шу йилнинг сентябрига қадар у Украинанинг Мостише қишлоғида яшаган.

А.Ғозиев Қўқондаги ҳукумат тарафидан ёпилган жоме масжид фаолларидан бўлган. Ваҳҳобийлик айби билан ўзига жиноят иши очилгандан кейин у 1999 йилда Ўзбекистонни тарк этган эди. Кейинчалик акаси боис тинимсиз таъқибларга қолган укаси Шуҳрат ҳам юртдан қочишга мажбур бўлган.

“Бизни илгари ваҳҳобийликда айблашган. Кейин ҳизбчига чиқаришди. Мен шахсан бирор партияга аъзо бўлган эмасман”,- дейди А.Ғозиев “Озодлик” билан суҳбатда.

Украинада бироз вақт муҳожирликда яшаган, кейинчалик Швецияга кетган “Бирлик” партияси раҳбарларидан бири Исмоил Дадажонов ака-ука Ғозиевларни яхши билишини айтади.

“Улар диндор йигитлар. Лекин “Ҳизб ут-таҳрир”га ҳеч қандай алоқаси йўқ. 1994 йилда Қўқонда жоме масжид имоми Муҳаммадражаб Нусратов қамоққа олинганда улар норозилик билдирган. Шундан кейин норозилик билдирганларга таъқиблар бошланди. Уларнинг баъзилари ҳозир қамоқда”,-дейди И.Дадажонов.

“Мемориал” ташкилоти ака-ука Ғозиевларнинг Украина махсус хизмати ходимлари тарафидан суриштирилаётгани Ўзбекистон томони сўрови асосида бўлаётганига шубҳа қилмайди. Аммо Украина хавфсизлик хизмати буни инкор этмоқда.

“Биз ҳеч қанақа овлаш кампаниясини ўтказаётганимиз йўқ. Мен бу ҳақда сизга ишонтириб айтаман”,- деди Украина хавфсизлик хизмати матбуот вакили Марина Остапенко.

Ўтган йили Украина Қримда қўлга олинган ўзбекистонлик 11 фуқарони қийноқ ва ўлим хавфи мавжуд юртига депортация қилиб, халқаро танқидларга учраган эди. 1999 йил 16 февралдаги Тошкент портлашларидан бир ой ўтиб Украинанинг ўша пайтдаги ҳукумати Ўзбекистонга мухолифатнинг тўрт вакили, жумладан, “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжонни ушлаб берганди. Муҳаммад Бекжон ҳали-ҳануз қамоқхонада қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари унинг жисмоний аҳволи ёмон эканидан хавотир билдириб келмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Исоқжон Зокиров ҳам “зарғалдоқ инқилоб”дан сўнг Украина ҳукумати мурувватига ишониб, шу давлатга бошпана излаб борган эди. Аммо энди Ўзбекистонга топшириб юборилишдан қўрқиб, у Ғарбий Европага қочиш тараддудида.

“Демократик экани айтилаётган Украинага келсангиз, бу ерда демократиядан нишона ҳам йўқлигига амин бўласиз. Россияда бундан ҳам баттар. Россия мухолифатчиларни дарров орқага қайтариб юборяпти. Бизга маълум бўлишича, Украина ва Ўзбекистон ўртасида қочқинларни қайтариб юбориш ҳақида келишув бекор бўлмаган экан”,- дейди И.Зокиров.

“Бирлик” вакили И.Дадажонов Украинада ҳукумат тепасига Юлия Тимошенко келиши ўзбек қочқинлари вазиятини ижобий томон ўзгартиришига ишонмоқда.

“Тимошенконинг бир гапи эсимда. У ҳали бош вазир бўлмаган бир йил аввал 11 қочқиннинг Ўзбекистонга бериб юборилгани хусусида гапириб: “Бу ўзбеклар бизга, биздаги инқилобга ишониб келганди. Демократия бор, деб келганди. Биз уларга нисбатан хиёнат қилдик”, деганди”,- дейди И.Дадажонов.
XS
SM
MD
LG