Линклар

logo-print

ШҲТ Тошкентда хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилишига сабаб бўлди

  • Замира Шукур

2 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахтида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бош вазирларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтади. Унда ташкилотда кузатувчи мақомига эга давлатлар вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон бош вазирларининг навбатдаги машварати муносабати билан Тошкентда шундоқ ҳам кучли бўлган хавфсизлик чоралари янада кучайтирилди.

Давлатга қарашли “Ташкентская правда” газетаси мухбири Юрий Черногаев халқаро стандартлар нуқтаи назаридан ҳаддан зиëд кўриладиган бундай хавфсизлик чоралари таъсирини ўз бошида синаб кўрди.

“Расмий биноларнинг барига кириш учун ҳужжатлар текширилмоқда. Тошкент метро бекатларида шундоқ ҳам кўп бўлган милиционерлар сони бениҳоя ошиб кетди ва улар вилоятдан келганлар, соқол қўйган эркаклар ва авваллари кузатилмаган бир тарзда, европаликларни ҳам тўхтатиб, узоқ текширувга тутмоқда. Масалан, каттагина спорт сумкаси билан метрога тушаëтганимда мени ҳам тўхтатиб, сумкамни обдон текширишди. Тошкент маркази хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Учрашув ўтадиган “Интерконтинентал” меҳмонхонасига эса бир ҳафтадан бери яқин йўлаб бўлмайди”,- дейди ўзбекистонлик журналист.

Унинг таъкидлашича, буларнинг бари Ўзбекистон шароити учун оддий ҳолга айланган ва сабр-тоқати чексиз бўлган аҳоли расмий бир йиғин учун халққа туғдирилаëтган ноқулайликларни елка қисиб, индамай қабул қилмоқда.

Хўш, 3 миллионга яқин одам яшовчи Тошкентдаги хавфсизлик чораларини мисли кўрилмаган даражада кучайтиришга асос бўлаëтган йиғинда бош вазирлар давлат ва халқ аҳамиятига молик нима масалаларни муҳокама этиб, қандай қарорлар қабул қилади?

ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарларининг Тошкент йиғини кун тартибига оид расмий маълумот ўта қисқа ва мужмал тилда ëзилган ва ундан бош вазирларнинг ташкилот келажаги учун муҳим бирор масалани муҳокама қилиш-қилмаслигини билишнинг иложи йўқ. Расмий маълумотдаги, ҳукумат бошлиқлари Тошкентда божхона ишлари юзасидан ҳамкорлик ва ўзаро ëрдамга оид ҳужжатга қўл қўяди, деган жумлани истисно қилганда учрашувдан кутилаëтган натижаларга оид бошқа маълумот йўқ.

ШҲТнинг август ойидаги Бишкек саммитида, асосан, ҳарбий ҳамкорлик масалалари, октябр бошидаги Душанбе саммитида эса, асосан, ëнилғи соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган эди. Шундан келиб чиққан кузатувчилар Тошкентдаги йиғинда бош вазирлар айнан ана шу икки йўналишдаги ҳамкорликнинг бугунги вазияти ҳақида гаплашишини тахмин қилмоқда.

Германия ташқи алоқалар кенгаши таҳлилчиси Александр Рау сўзларига кўра, бугун иқтисодий кўрсаткичлари бўйича дунëда энг илғорлардан бўлган Хитой, Россия ва Қозоғистон каби давлатларнинг ШҲТ доирасида бир-бири ва қолган қўшнилари билан айнан иқтисодий шерикчиликни кучайтириши табиий жараëн.

“90-йилларда постсовет давлатлар ҳали камбағал эди, улар Ғарб ëки Осиëнинг молиявий захираларига муҳтож эди. Аммо бугунга келиб жаҳон бозорида ëнилғи нархининг кескин ошиши муносабати билан вазият тубдан ўзгарди. Бу давлатлар жуда катта иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришди ва эндиликда бир-бири билан ҳамкорликни кучайтириш, ўз келажакларини бирга қуришга қизиқиш кўрсатмоқда”,- дейди германиялик минтақашунос.

Бошқа кузатувчилар эса ШҲТ нафақат иқтисодий, балки ҳарбий иттифоққа айланиб бораëтганига эътибор қаратмоқда. Ғарбнинг айрим кузатувчилари фикрича, АҚШ билан янги совуқ уруш даврига кирган Россия ташаббуси билан ШҲТ собиқ Варшава пакти каби аксилғарб ҳарбий бирлашмасига айланиб бормоқда ва Тошкент йиғинида ҳам айнан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик вазияти муҳокама қилинади.

“Озодлик” радиосига берган эксклюзив суҳбатида АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс ШҲТ раҳбарлари учрашувидан Ғарб ëки НАТОга қарши тузилма қуриш уринишларини излашдан хавотирга тушиш учун асос йўқлигини таъкидлаганди.

“Бир давлат иккинчиси билан яқинлашса, биз қўрқувга тушиб, ҳадеб елкамиз оша мўралайверишимиз керак эмас. АҚШ ва НАТО иттифоқи дунë тарихида ҳозирча кўрилган энг қудратли иттифоқ. Шу боис, бизнинг ўз соямиздан ҳам қўрқаверишимизга ҳожат йўқ”,- деганди Р.Гейтс.

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, жума куни Ўзбекистон пойтахтида учрашиб, ўзаро ҳамкорликнинг амалий вазиятини муҳокама қиладиган ШҲТ ва ташкилотда кузатувчи мақомига эга тўрт давлат ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистон ҳукумати сўровига биноан матбуот анжумани ўтказмайди.
XS
SM
MD
LG