Линклар

Солиҳнинг шеърий китоби ҳам кимлардадир ваҳима уйғотади

  • Замира Шукур

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги журналист Алишер Соиповнинг ўлими юзасидан яқинда эълон қилган баёнотда унинг уйи ва ишхонасидан бошқа адабиётлар қатори “Валфажр” китоби ҳам топилгани айтилади.

Баёнотда А.Соиповнинг ўзбек сиëсий мухолифати, шунингдек, Ўзбекистонда тақиқланган исломий гуруҳлар фаоллари билан алоқаси тилга олинади ва бу алоқалар марҳум журналистга қўйилаëтган айбдек янграйди.

Журналистнинг уйи ва ишхонасидан топилган “Валфажр” шеърий китоби эса “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ қаламига мансуб.

Мустақил журналист ëнидан бу китобнинг топилиши, баëнотда ишорат қилинганидек, унинг қонунга зид, яширин сиëсий фаолият билан шуғулланганини кўрсатадими?

Аввало, Муҳаммад Солиҳнинг “Валфажр” шеърий тўпламига адабий жиҳатдан қисқа баҳо бериш мақсадга мувофиқ.

1983 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриëтда чоп этилган бу китоб номи, муаллиф Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Қирғизистон ИИВ баёнотида атайин бузиб таржима қилинган. “Валфажр” калимаси баëнотда даъво қилингани каби “қўзғол” маъносини англатмайди. Арабчада “фажр” сўзи “тонг”, “валфажр” эса “тонгга қасам” маъноларини беради.

“Валфажр” шеърий тўпламининг адабий қиммати ҳақида гапирган шоира Дилором Исҳоқова бу китоб ўз вақтида адабий ҳаëтда катта воқеа бўлганини эслайди.

“Бу шеърий тўплам нашрдан чиқиши билан катта шов-шувга сабаб бўлган ва бунинг асл сабаби ундан ўрин олган бениҳоя гўзал шеърлар эди. Бу шеърларнинг на диний экстремизм, на террорчилик ғоясига алоқаси бор”,-дейди Дилором Исҳоқова.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи “Валфажр” китобининг ички оҳанги тоталитар совет тузумига қарши ëзилгани, асосий руҳ зулмга қарши бўлгани боис Каримов режими уни ўзига қарши, деб билишини таъкидлайди.

Мана “Валфажр”га кирган шеърлардан бири:

Қиличлар уйқуга кетганда
Уларни занг босар.
Қиличлар уйқуга кетганда
Туққан боламизнинг ҳаммаси жасур.
Сенинг мардлигингга шубҳа қиламан,
Ишонмайман мағрурлигингга.
Чунки сен биласан:
Агар қилич занглаган бўлса,
Нафақат эгилган,
Эгилмаган бошни ҳам кесолмайди у.

“Валфажр” Муҳаммад Солиҳ ўзбек адабиëтида янги бир даврни бошлаб берганининг ўзига хос тасдиғи бўлган эди. Анъанавий шеър, дунëни ҳис ва идрок қилишнинг авваллари кўрилган шакл ва ифода усулларини бузиб ташлаган бу давр қаршисида довдираб қолган айрим танқидчилар айнан “Валфажр”дан сўнг Муҳаммад Солиҳга қарата, шеърингизни тушунтириб беринг, дея хитоб ҳам қилган эди. Аммо Михаил Горбачёв “қайта қуриш”идан аввалги турғунликнинг энг қуюқ ўша кунларида ҳам бирор танқидчи Муҳаммад Солиҳга, унинг “Валфажр” китобига сиëсий ëки диний мазмунда айб қўйишда бугунги даражага етмаган эди.

Бугунга келиб ëнидан “Валфажр” китоби топилгани учун ўзбекистонликлар қамоққа олинмоқда, мана энди Қирғизистонда фаолият юритган марҳум ўзбек журналисти А.Соиповнинг уйи ва идорасидан бу китобнинг топилиши Қирғизистон ИИВ томонидан унинг ноқонуний сиëсий фаолият билан шуғуллангани исботи ўлароқ талқин этилмоқда.

“Ҳамма нарсага ҳамиша советлар нуқтаи назаридан қараб, ҳамма нарсада, хусусан, шеъриятда ҳам советлар ўлчовини кўтариб юрганлар “Валфажр” китобининг на динга ва на террорчиликка алоқаси борлигини айтмаган. Бугун ўзлари қилган жиноят изларини ëпишга уринаëтганлар “Валфажр”га айнан шундай мазмун юкламоқда”,- дейди шоира Д.Исҳоқова.



Мустақил ҳуқуқшунос Бахтиëр Шоҳназаров Қирғизистон ИИВ марҳум А.Соиповнинг уйидан “Валфажр” китоби топилганини ўз баёнотига киритганидан ҳайратга тушганини айтади.

“ИИВ Алишернинг уйидан Валфажр” китоби топилганини нега шов-шовли воқеа сифатида ўз баёнотига қўшганини тушунмадим. Бу бориб турган абсурд. Алишернинг уйидан совет даврида, қонуний асосда босилган бир китоб чиқибди. Инсон ҳақлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ халқаро конвенциялар нуқтаи назаридан олиб қарасангиз ҳам, Ўзбекистон ва Қирғизистон конституциялари, қонунлари нуқтаи назаридан олиб қарасангиз ҳам бунинг ҳеч қандай криминал жойи йўқ”,- дейди ҳуқуқшунос.

Б.Шоҳназаров Қирғизистон ИИВ тарқатган баëнот ҳуқуқий жиҳатдан хато ва у жамоатчилик диққатини қотиллик ижрочи ва буюртмачиларини топишдан атайин чалғитиш, марҳум журналист ҳақида жамоатчиликда янглиш тушунча яратиш учун атайин қилингандек таассурот қолдиришини билдирди.

Жамоатчилик диққатини чалғитиш истаги эса, мустақил кузатувчилар фикрича, А.Соиповнинг ўлдирилиши ортида Ўзбекистон махфий хизматлари қўли бор, деган айбловлар кун сайин кучайиб бораëтган бир кезда расмий Бишкекнинг ўзи тушиб қолган мураккаб сиëсий вазиятдан қутулиш йўлларини топишга уринаëтгани белгисидир.
XS
SM
MD
LG