Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати ахборот майдонини тозалаяпти...ми?


“Озодлик” мухбири маҳаллий маъмурларнинг таъқиб-тазйиқлари, қамалиб кетиш таҳдиди остида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган мустақил журналист Алишер Таксанов билан суҳбатлашди.

А.Таксановнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайлови олдидан ҳукумат ахборот майдонини ўзгача фикрловчилар, жумладан, мустақил журналистлардан тозалашга киришган. Бу тадбир 1-2 ой олдин эмас, балки анча илгари бошланган.

“Бир киши, исмини ошкор эта олмайман, ахборот майдонини тозалаш бошлангани, хусусан, мени йўқ қилиш режаси ишлаб чиқилганини айтди. У мени йўқ қилишда автомобил ҳалокати, заҳарлаш ёки бошқа бирор усулдан фойдаланилишини билдирди. Шундан сўнг дарҳол мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдим”,- дейди журналист.

Унинг таъкидлашича, яқинда Ўшда ўлдирилган таниқли журналист Алишер Соипов ҳам ахборот майдонини тозалаш қурбонидир. Чунки у ҳам Ўзбекистон ҳукумати учун ноқулай журналистлардан бири бўлган.

“Унинг очиқ ёзган фикрлари ҳукуматнинг жиғига тегарди. А.Соиповнинг ўлимига Ўзбекистон махсус хизматлари буюртма берган. Улар журналистни ўз қўллари билан ўлдирмаган. Балки бу операцияни Қирғизистондаги уюшган жиноий гуруҳлардан фойдаланган ҳолда амалга оширгани эҳтимоли катта. Бу қотилликдан сўнг уйимга Ички ишлар вазирлигининг икки ходими келган. Энди улар мени қидирмоқда”,- деди А.Таксанов.

У Ўзбекистон маъмурлари сиёсий қочқинларни мамлакатга қайтариш учун ҳар қандай қабиҳликларга бориши, хусусан, энг самарали усул, яъни қочқинларнинг яқинларига тазйиқ ўтказишдан кенг фойдаланиши, бу усул унга нисбатан ҳам қўлланилаётганини айтади.

“Ўзбекистондалигимда, аниқроғи 2006 йил февралида ҳуқуқ-тартибот ва миллий хавфсизлик идоралари мени таъқиб ва тазйиқ остига ола бошлади,-дейди А.Таксанов. - Деярли ҳар куни уйимга келган милиция ходимлари яқинларим ва қўшниларни сўроққа тутиб, менинг жамиятга хавф солаётган инсонлардан бири эканимни уқтирган. Мен сабоқ берган университетда талабаларимни пора олганим ёки конституциявий тузумни ағдаришга чақирганимни айтишга мажбурлашган. Халқаро анжуманлардаги иштироким учун четдан юборилган пуллар Ўзбекистонда рангли инқилоб учун хориждан олинган ёрдам пули сифатида баҳоланган. Хуллас, мени халқ душмани сифатида кўрсатиш учун Ўзбекистон ҳукумати қўлидан келганича ҳаракат қилди”.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондан чиқиб кетганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари онасига янада қаттиқроқ зуғум ўтказа бошлаган. Онаси бу каби босимларга чидай олмай, бир ойдан сўнг ҳаётдан кўз юмган.

А.Таксановнинг ота-онаси вафот этган, опаси эса Германия фуқароси. Синглиси Тамила Францияда докторантурада ўқийди.

“Синглим Ўзбекистон фуқароси бўлса-да, унинг юртга келиб, ота-онамиз қабрини зиёрат қилишига маъмурлар йўл бермаяпти. Ўзбекистонда қолган бошқа яқинларимга таъқиб ва тазйиқлар эса ҳали ҳам давом этмоқда. Маъмурлар мустақил журналист сифатида фаолиятимни тўхтатмаётганимни кўряпти. Шу боис, яқинларимга ёпишиб, улар орқали босим ўтказиш йўлини танлашган”,- деди Алишер Таксанов.
XS
SM
MD
LG