Линклар

logo-print

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Туркияга сафар қилди


Бу ерда у ҳукумат расмийлари билан учрашиб, Туркиянинг Ироқ шимолидаги курд жангариларига қарши ҳарбий амалиёт ўтказиш режасини муҳокама этди.

“Жангарилар таҳдиди нафақат Туркия, балки АҚШ манфаатларига ҳам таҳдиддир. Биз шу пайтгача амалга ошираётган разведка маълумотлари алмашувини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этмоқдамиз. Курдистон ишчилар партиясига қарши самарали ҳаракатлар режасини ҳам кўрмоқчимиз. Бунда АҚШ ва Туркиядан ташқари Ироқнинг ҳам иштироки талаб қилинади”,- деди Кондолиза Райс.

Туркияга сафаридан аввал К.Райс Курдистон ишчилар партияси жангарилари “умумий душман” экани, улардан келаётган таҳдидларни АҚШ, Ироқ ва Туркия биргаликда бартараф этишини маълум қилган эди.

К.Райс, шунингдек, Истанбулда халқаро анжуманда ҳам иштирок этади. Бу анжуманда Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий, Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий, БМТ бош котиби Пан Ги Мун ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси расмийлари қатнашади.
XS
SM
MD
LG