Линклар

logo-print

Қозоғистондаги қочқин ўзбек журналистлари хавфсизлигини таъминлаш қийин бўляпти


Ўзбекистонда 23 декабрь куни бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайлови олдидан мамлакат ташқарисида, хусусан, Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқин журналистларнинг ҳаётига таҳдидлар кучайиб бормоқда.

Юртидан ташқарида яшаётган мустақил журналист Алишер Таксанов куни-кеча “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда президент сайлови олдидан мамлакат ҳукумати ўзгача фикрловчиларни овлаш, йўқ қилиш ишларини бошлаганини билдирганди.

Ҳозир Қозоғистонда яшаётган ўзбек журналисти Улуғбек Ҳайдаров ҳам ҳамкасбининг бу гапида жон борлигини таъкидлади.

“Ҳозир вазият анча хавотирли. Журналистик фаолиятимни тўхтатмаганим боис, мени йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар мамлакат ташқарисида ҳам давом этяпти”,- дейди У.Ҳайдаров.

Жанубий Қозоғистон журналистлари уюшмаси аъзоси Абдумалик Салмонов ўтган ҳафтада дўсти У.Ҳайдаровни ўғирлашга уриниш бўлганини билдирди.

“Ўтган ҳафтада Олмаотадан изига тушган икки ўзбек йигити У.Ҳайдаров Жанубий Қозоғистонга етиб келгач, куч ишлатиб, машинага тиқиб, уни олиб кетишга уринган. Мен воқеа жойига етиб келганимдан кейин улар қочиб кетди. Кўрсатганимиз шифокорлар Улуғбек аканинг боши чайқалганини маълум бўлди”,- деди А.Салмонов.

Унинг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилаётган бошқа мамлакатлар журналистлари ҳаётига ҳам таҳдид пайдо бўлган. Жумладан, у Муҳаммад Солиҳнинг бир мақоласини ўз газетасида босганидан кейин эҳтиёт бўлиб юриш тўғрисида огоҳлантирилган.

“Давлат газетасида ишлайдиган бир танишим билан учрашиб қолдим. У менга мақолани эслатиб, бегона мамлакат ишига аралашмасликни маслаҳат берди. “Битталарингни отиб кетса, яна бир балолар қилса, нима қиласизлар”, деди. Мен эса бошқа давлат фуқаросини, қолаверса, журналистни отиш террорчилик эканини айтдим. У юқоридагилар учун бунинг фарқи йўқлиги, улар ўзаро келишиб кетаверишини таъкидлади. Мен бу гапларни жиддий қабул қилмадим. Уйга келиб билдимки, ўша куни ўшлик журналист А.Соипов отиб кетилган экан”,- деди А.Салмонов.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина сўзларига кўра, Ўзбекистон махсус хизматлари Қозоғистонда жуда эркин ҳаракат қиляпти ва бу қочқинликда юрган ўзбек журналистлари учун жуда хавотирлидир.

“Биз Қозоғистон ҳудудида бўлган ўзбекистонлик қочқин журналистларни яшириб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрямиз. Афсуски, Қозоғистон махсус хизматлари ўзбек ҳамкасблари билан тил бириктиргани қочқин журналистлар хавфсизлигини таъминлашда муаммолар яратяпти”,-деди Розлана Таукина.
XS
SM
MD
LG