Линклар

Тожикистон ўз нефть-газ захираларини ўзлаштиришни изчиллаштирмоқда

  • Гулнора Равшан

“Тетис петролеум ЛТД” халқаро нефть-газ компанияси Тожикистонда нефть ва газ захираларини аниқлаш ва ўзлаштириш учун 8 миллион доллар маблағ ажратганини маълум қилди.

“Тетис” Тожикистон жанубида нефть ва газ захираларини қидириш ишларини бундан бир ой олдин бошлаган эди. Ширкат раҳбари Дэвид Робсон Кўлобдаги “Хожа Сартез” конидаги қидирув ишлари яхши натижалар беришига умид боғлашини билдирди ва “Тетис” келгусида Тожикистон жанубидаги фаолиятини янада кенгайтиришини таъкидлади.

Айни пайтда Тожикистон жанубида Россиянинг “Газпром” компанияси ҳам геологик қидирув ишларини олиб бормоқда. Д.Робсон ўз ширкати бу ҳудудда “Газпром” билан рақобатлашмоқчи эмаслигини маълум қилди.

“Биз Тожикистон ҳукумати билан имзолаган шартнома асосида “Хожа Сартез” конидаги газ ва нефть захираларини аниқлаш, уни ўзлаштириш ва мамлакат эҳтиёжини қондириш мақсадидамиз, холос”,- деди Дэвид Робсон.

Шунга қарамай, таҳлилчилар Ғарб давлатлари ширкатларининг Тожикистон ва умуман Марказий Осиё давлатларидаги фаолиятидан асосий мақсад рус компанияларининг бу ҳудудлардаги таъсирини камайтириш эканини айтмоқда.

“Албатта, рақобат яхши. Бундан Тожикистон ютади. Аммо “Тетис” фаолияти “Газпром”нинг норозилигига сабаб бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Бу ҳолатда “Газпром” ва Россиянинг юқори доиралари Тожикистонга турли босимлар ўтказиши мумкин”,- дейди мустақил таҳлилчи Қосим Бекмуҳаммадов.

Унинг таъкидлашича, йирик давлатлар компаниялари бошқа бозорларга кириб келаётганида геосиёсий манфаатлар ҳам юзага чиқади. Хусусан, “Тетис” нафақат Тожикистон жанубида, балки қўшни Афғонистонда ҳам ўз фаолиятини кенгайтириш ниятидадир.

Дэвид Робсон ҳам ўз ширкати Афғонистон шимолида иш бошлаш ниятида эканини яширмади ва бу борада музокаралар давом этаётганини билдирди.

Тожикистон ҳар йил Ўзбекистондан 700 миллион куб метр табиий газ экспорт қилади. Айрим кузатувчилар Ўзбекистон газ нархини йилдан-йилга ошириб турган бир пайтда Тожикистон ёқилғи мустақиллигини қўлга киритиш учун муқобил йўлларни ахтариши ва ҳар қандай рақобатга рози бўлиши зарурлигини уқтирмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ҳудудидаги нефть захиралари 113 миллион тонна, табиий газники эса тахминан 900 миллиард куб метрни ташкил этади. Бу захираларнинг 80 фоизи мамлакат жануби ва ғарбида жойлашган.
XS
SM
MD
LG