Линклар

Қозоғистонда мухолифат руҳидаги газеталарга қарши кураш бошланди


Қозоғистондаги мухолифат руҳидаги йирик газеталар иқтисодий жиноятларда айбланиб, уларни турли баҳоналар билан чоп этиш тўхтатиляпти, шу руҳдаги сайтларга эса тўсиқлар қўйиляпти.

Мамлакатда ҳар чоршанба куни чоп этиладиган “Свобода слова” ва “Ташжарған” газеталарининг навбатдаги сони бу ҳафтада ўқувчи қўлига етиб келмади. “Свобода слова” газетаси бош муҳаррири Гулжон Ергалиева босмахона газетани чоп этишдан бош тортганини душанба куни эшитди. Босмахона бунинг сабабини ўз фаолиятини икки ойга тўхтатиши билан изоҳлаган. Шундан сўнг Олмаота шаҳридаги саккиз босмахонага мурожаат қилган бош муҳаррир турли баҳоналар билан уларнинг барчасидан рад жавобини олди.

30 октябрь куни эса “Свобода слова” газетасига солиқ хизматининг 3 ходими келиб, таҳририят ноқонуний фаолият юритаётгани, давлатга солиқ тўламаётганини, маблағни яшириб қолаётганини даъво қилган.

“Энг қизиғи, бундай айбловлар ёзма эмас, балки оғзаки айтилди”,- дейди Гулжон Ергалиева.

Солиқ инспекцияси ходимлари икки соатдан ортиқ сўроқлардан сўнг таҳририят бухгалтериясининг компьютерини олиб кетишга ҳаракат қилган. Худди шундай ҳолат мухолифатдаги “Республика” ва “Взгляд” газеталари таҳририятларида ҳам содир бўлди. Қора кийимдаги 3 киши ўзини молия полицияси ходими, бири солиқ инспекцияси вакили сифатида таништириб, таҳририятда тинтув бошлаган.

“Республика” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Галина Дирдина тинтувга келган кишилар нимани изламоқчи бўлганини ҳалигача била олмаганини айтди.

Текширув ўтказишга таҳририятларга келган кишилар “Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси, “Журналистлар хавф остида” ташкилоти ва “Инкар.инфо” мустақил радиоси ҳуқуқшунослари келиши билан тезда бинони тарк этган.

Галина Дирдина маъмурларнинг мухолифат газеталарига ўтказаётган босимининг асл сабаби бошқа эканини айтади.

“Кимдир Роҳат Алиев (Қозоғистон президентининг собиқ куёви) бу газеталар орқали Олтинбек Сарсенбоевни аслида ким ўлдиргани ҳақидаги маълумотни фош этишидан хавфсирамоқда”,- дейди Г.Дирдина.

Шу ўринда эслатиш ўринли. 2005 йилда Қозоғистонда Олмаота шаҳрининг собиқ ҳокими, президентга яқин кишилардан бири, ҳаётининг сўнггида эса мухолифатга қўшилиб, президент Н.Назарбоевни қаттиқ танқид остига олган Замонбек Нуркадиловнинг жасади ўз уйидан топилган эди. Гарчи кузатувчилар унинг ўлимига юқоридан берилган буюртма сабаб эканини эътироф этса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари у ўз жонига қасд қилганини маълум қилган. Ўтган йили эса Қозоғистонда яна бир таниқли мухолифатчи Олтинбек Сарсенбоев тан қўриқчиси ва ҳайдовчиси билан биргаликда ўлдириб кетилди. Унинг ўлимида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари айбдор, дея маълум қилган эди расмийлар.

Аммо президентнинг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев яқинда “Республика” газетасига берган интервьюсида аслида юқорида айтиб ўтилган шов-шувли жиноятлар ортида шахсан президентнинг ўзи турганини маълум қилган. Р.Алиевнинг собиқ қайнотаси, жумладан, ҳукуматдаги амалдорларга қарши қаратилган компроматларнинг бир учқунини чоп этишга журъат этган мухолифатдаги газета ва сайтларнинг ёпилишига уларнинг мардонавор ҳаракатлари сабаб бўлгани ва куёвнинг қайнотага қарши қаратилган навбатдаги зарбаси жамоатчиликка ошкор бўлишидан хавфсираган расмийлар мухолифатдаги ОАВ оғзини ёпишга киришганини билдирмоқда маҳаллий кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG