Линклар

logo-print

Алишернинг ўлимидан кейин ҳам уни қоралаш кампанияси давом этмоқда


Cарвар Усмон http://gdb.rferl.org/D2B2E27D-31B6-47CC-B437-193119C23C6F_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/D2B2E27D-31B6-47CC-B437-193119C23C6F_mw800_mh600.jpg Бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Демократияни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси қирғизистонлик журналист Алишер Соиповнинг ўлимидан кейин ҳам уни қоралаш кампанияси давом эттирилаётганидан ғазабда.

“А.Соипов Марказий Осиёдаги энг яхши журналистлардан бири бўлган эди. У Демократияни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси фахр билан қўллаб-қувватлаб келаётган “Сиёсат” газетаси муҳаррири сифатида мустақил оммавий ахборот воситаларига ета олмаётган кенг оммага Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталаётганига оид, ўтказилиши кутилаётган президент сайлови билан боғлиқ найранглар ҳамда Ўзбекистон махсус хизматларининг чегара орти – Қирғизистондаги жиноий фаолияти тўғрисидаги янги хабарларни етказиб турган эди”,- дейилади Демократияни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси баёнотида.

Эндигина 26га кирган А.Соиповнинг ўлдирилиши муносабати билан эълон қилинган мазкур ҳужжат мана бундай сўзлар билан бошланади:

“Яқин дўстимиз, ўзбек тилида чиқадиган “Сиёсат” газетаси муҳаррири А.Соипов ўлдирилишидан, унинг ўлдирилишигача бошланган сурункали қоралаш кампанияси ўлимидан кейин ҳам давом эттирилаётганидан қаттиқ ғазабдамиз”.

Демократияни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси баёнотида Алишернинг оила аъзоларига, унинг ҳамкасбларига ҳамдардлик изҳор этилган.

Ҳужжатда, шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг А.Соиповнинг ўлими юзасидан 30 октябрь кунги баёноти ҳам кескин қораланади. Жамғарманинг таъкидлашича, вазирлик баёноти жамоатчилик фикрини чалғитиш учун қилинган ҳаракатдир.

Ўшлик журналист Алишер Соиповнинг номаълум шахслар томонидан Ўшда отиб кетилганига 3 ноябрь куни 10 кун бўлди.

Бу даҳшатли жиноят атрофидаги гаплар кун ўтган сайин кучайса кучаймоқдаки, асло сусаймаяпти.

Журналистнинг ўлими унинг ҳамкасблари, бир қанча халқаро ташкилотлар, Европа Иттифоқи ва ҳатто ЮНЕСКО даражасида қораланди.
XS
SM
MD
LG