Линклар

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш юқорилигига шубҳа бор

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг 9 ойи давомида мамлакат ички ялпи маҳсулоти қарийб 10 фоиз ошганини маълум қилди. Бироқ кузатувчилар бу рақамларни шубҳа остига олмоқда.

Ялпи ички маҳсулот миқдорига оид расмий маълумотлар, айниқса, Ўзбекистонда кўпинча асл вазиятдан фарқ қилади.

Кузатувчилар бунинг сабаби статистика юритишнинг турли усуллари ёхуд ҳукумат кун тартибидаги мақсадларга боғлиқлигини айтади.

Лондондаги Иқтисодий маълумотлар маркази нашри муҳаррири ва иқтисодчи Анн-Луиз Ҳаггер ҳам Ўзбекистонда тўққиз ойда ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 10 фоиз ошганини шубҳа остига олади.

Лекин, дея қўшимча қилади иқтисодчи, сўнгги бир йил ичида нафақат Ўзбекистон, балки собиқ иттифоқ республикаларининг барчасида ўсиш кузатилган.

“Бу МДҲ мамлакатларининг барчасига хос тенденциядир. Бу давлатларнинг аксариятида кейинги бир неча йил ичида жиддий иқтисодий ўсиш кузатилди. Албатта, постсовет даврида бу мамлакатлар иқтисодида кескин тушиш рўй берган эди. Таъбир жоиз бўлса, бу иқтисодларда энди ўзига хос тубга урилиб, қайтиш жараёни рўй бермоқда”,- деди Анн-Луиз Ҳаггер.

Унинг айтишича, Ўзбекистон каби табиий захираларга бой давлатлар, асосан, ўзининг сердаромад энергия ресурсларини экспорт қилиш эвазига ўсмоқда.

Бу соҳада Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлмиш Россиянинг “Газпром” компанияси кейинги икки-уч йилда мамлакат иқтисодига миллионлаб доллар миқдорида сармоя ётқизди.

Газ ва нефтга бўлган эҳтиёжнинг ўсишидан ташқари Ўзбекистон экспорт қиладиган бошқа маҳсулотлар, хусусан, пахта ва олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ҳам кўтарилиб бормоқда.

Ўзбекистон жаҳоннинг энг йирик олтин экспорт қилувчи давлатлари ўнлигига киради. Лекин расмийлар олтиндан тушадиган даромад ҳақидаги маълумотларни сир сақлайди.

Пахта ҳам Ўзбекистон экспортининг асосий қисмидир. Ўтган ойда Ўзбекистон 3,6 миллион тонна пахта йиғиб олинганини эълон қилганди.

Пахтакорларни табриклаган президент Ислом Каримов “бу буюк ғалаба мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳсули” эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу йилги хирмон “Ўзбекистон тарихида биринчи марта 100 фоиз хусусий фермерлар томонидан етиштирилган пахтадан” ташкил топган.

Бироқ хусусий фермерлар ҳукумат пахта учун тўлаётган нарх ўта пастлигидан шикоят қилиб келади.

Маълумотларга кўра, фермерларга пахта учун тўланадиган ҳақ экспорт нархидан қарийб 15 баробар камроқдир. Бу эса пахтанинг контрабанда йўли билан қўшни давлатларга, хусусан, Қозоғистонга олиб чиқилишига сабаб бўлади.

Анн-Луиз Ҳаггер Ўзбекистон расмий статистикаси борасида шубҳа билдиришига сабаб бўлган омиллар кўплигини таъкидлади.

“Расмий маълумотларга қанчалик ишониш мумкинлиги ноаниқдир. Чунки Ўзбекистоннинг пахта секторида фермерларни рағбатлантириши мумкин бўлган бозор шаклланмаган. Улар ўз маҳсулотини ўта паст нархларда сотишга мажбур. Яъни рағбатнинг ўзи йўқ. Устига устак, атроф-муҳитнинг ҳам бузилиши билан боғлиқ муаммолар бор, бу эса пахта ҳосили расмийлар айтаётганидек юқори эканига шубҳа уйғотади”,- дейди лондонлик иқтисодчи.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Абдураҳмон Ташанов ҳам иқтисодий ўсиш ҳақида расмийлар илгари сураётган маълумотларга шубҳа билан қарайди.

“Хусусан, бу йилги пахта режаси аввалги йилларга қараганда анча аввал бажарилгани ҳукумат декабрга белгиланган президент сайлови олдидан бошлаб юборган ташвиқотга бориб тақалади. Давлат назоратидаги матбуот воситалари “иқтисодий ютуқлар”, жумладан, пахта соҳасидаги ғалабани кенг ёритиш борасида юқоридан махсус топшириқлар ҳам олган”,- дейди А.Ташанов.

Лекин иқтисодий ўсиш ҳақидаги иддаолар ҳақиқат ёхуд ёлғон бўлишидан қатьи назар, оддий ўзбекистонликлар учун бунинг аҳамияти йўқ. Уларни кундалик тирикчилиги, ойлик маошларнинг ўта пастлиги, бозордаги нарх-наво эса отнинг калласидай бўлиб кетгани кўпроқ қизиқтиради.

Халқаро валюта жамғамаси маълумотига кўра, 2006 йилда Ўзбекистондаги инфляция даражаси 15 фоизни ташкил этган. Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 12 АҚШ долларини ташкил қилади.

Кейинги икки-уч ойда эса энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бир неча баробар ошиб кетди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 27 миллион аҳолининг учдан бири қашшоқлик чизиғидан пастда кун кечиради. Мамлакат ичкарисидаги баъзи манбалар эса ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи қашшоқлиги ва уларнинг кунлик харажати бир АҚШ долларидан камроқ эканини айтади.

Лондонлик иқтисодчи Ҳаггер Ўзбекистон каби давлатларнинг иқтисоди табиий захиралар экспортига боғлиқлиги улардаги ўсишнинг бақарор бўлишига ҳисса қўшмаслигини таъкидлади.

“Ҳозирги пайтда ташқи омиллар Ўзбекистон иқтисоди учун жуда фойдали бўлиши мумкин. Лекин, масалан, экспорт қилинаётган маҳсулотлар нархлари тушиб кетса, бу мамлакат иқтисоди учун салбий оқибатларга олиб келиши муқаррар, чунки ички бозор яхши ривожланмаган, турмуш даражаси ўта паст ва мамлакат иқтисоди ташқи омилларга жуда боғланиб қолган”,- дейди иқтисодчи.

Унинг сўзларига кўра, айни шу сабабдан Ўзбекистон табиий захираларга бой минтақада жойлашганига қарамай, жаҳондаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлиб, аҳолининг қашшоқлик даражаси ўта юқори экани инобатга олинса, мамлакатнинг истиқболлари борасида некбин бўлишга асос йўқ.
XS
SM
MD
LG