Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:17

Ичилган онтлар ортидаги режалар


Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жума куни Тошкентда бўлган йиғилишида иштирок этган Хитой бош вазири Вэн Цзябао шанба куни ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиëев билан учрашди.

Расмий хабарларга кўра, бош вазирлар учрашувида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилган ва томонлар бир неча ҳужжатга имзо чеккан.

Хитойнинг давлатга қарашли “Синхуа” ахборот агентлигининг ëзишича, Пекин ва Тошкент ҳукуматлари раҳбарлари миллий мустақиллик, суверенитет ва хавфсизликка оид муҳим масалалар бўйича бир-бирининг сиëсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этиш истагини билдирган.

Вэн Цзябао ва Шавкат Мирзиëев имзолаган ҳужжатда Ўзбекистон томони Тайваннинг Хитойдан мустақил бўлиш уринишларини қоралашга, Хитой тарафи эса бошқа давлатларнинг инсон ҳуқуқлари баҳонасида Ўзбекистон ички ишларига аралашишига қарши бўлишга ваъда берган.

Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги тобора қуюқлашиб бораётган ҳамкорликни шарҳлаган мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов бу яқинлашувга 2005 йил 13 май кунги Андижон воқеаларидан сўнг асос солинганини таъкидлайди.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2005 йилнинг 25 май куни, Андижон марказида тўкилган қон излари ҳали ювилиб улгурмай Ислом Каримов давлат ташрифи билан Пекинга келган эди. Ғарб давлатлари Андижондаги хунрезликни кескин қоралаб турган кунларда Пекин раҳбарияти “Ўзбекистонда содир бўлган бу воқеа унинг ўз ички иши экани”, Хитой Тошкент ҳукуматининг “айирмачи, террорчи ва экстремистларни қатъият билан йўқ қилиш сиëсатини тўлиқ қўллаб-қувватлаши”ни билдирганди.

3 ноябрь кунги Тошкент учрашувида Хитой ва Ўзбекистон бош вазирлари яна бир бор ўз иборалари билан айтганда уч иблисона куч – террорчилик¸ айирмачилик ва экстремизмга қарши курашда ўз ҳаракатларини бирлаштиришга онт ичди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей Пекин ва Тошкентни яқинлашишга ундаëтган асосий омил айнан ана шу уч сўз ортида яширинганини айтади.

“Хитойнинг Ўзбекистонни доим дастаклаб келаëтгани сабабларидан бири Тяньаньминдаги қонли воқеалардир. Андижондаги Бобур майдони билан Тяньаньминдаги хунрезлик моҳиятан мутлақ айнидир. Шу боис, икки давлат бир-бири сиëсатини тўлиқ қувватлаш ҳақида онт ичмоқда. Хитойнинг Каримов режимини қўллаб-қувватлаши ортидаги яна бир асосий омил мамлакат шимол-ғарбидаги уйғур айирмачилик ҳаракати ва минтақада кучайиб бораëтган исломий гуруҳлардир”,- деди К.Мюррей.

Мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса Хитойни Ўзбекистон билан яқинлаштираëтган омиллар сирасига Пекиннинг Марказий Осиëдаги ëнилғи заҳираларига очлиги, шунингдек, минтақадаги энг кўп сонли аҳолига эга Ўзбекистон Хитойнинг сифатсиз моллари учун каттагина бозор эканини ҳам қўшади.

“Хитойнинг ШҲТ доирасида, шунингдек, икки томонлама муносабатлар асосида Ўзбекистон, қолаверса, МОнинг бошқа давлатлари билан ҳам ҳарбий-сиëсий, ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириб бораëтгани бу минтақани ўз орқа ҳовлиси деб биладиган Кремлни ташвишга солмай қўймаяпти”,- дейди таҳлилчи.



Британиялик минтақашунос Ширин Акинер эса гарчи Россия Хитойнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиëсий жиҳатдан МО, хусусан, Ўзбекистонга изчил кириб келаëтганини истамаса-да, Кремлда бу жараëнни тўхтатиш имкони йўқлигини айтади.

“Россия бу борада ҳеч нарса қила олмайди, зотан, у МОни ўз таъсир доирасига олишга уринаëтган рақобатчилардан биридир. Албатта, тил ва бизнес маданияти уйқашлиги туфайли Ўзбекистондагилар минтақанинг бошқа ҳукуматлари каби Россия билан ҳамкорлик қилишга кўпроқ рағбат билдирмоқда. Аммо айтайлик, айни бизнес лойиҳалари учун Хитой иқтисодий жиҳатдан манфаатлироқ таклифни ўртага қўйса, Ўзбекистон Хитой билан ишлашни маъқул кўради ва биз бунга аллақачон гувоҳ бўлмоқдамиз”,- дейди профессор Акинер.

К.Раббимов сўзларига кўра, Хитой бош вазири Вэн Цзябаонинг шанба куни Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиëев билан учрашуви чоғида имзоланилган ҳужжатларда икки томон келажакда бир-бирига қанчалик сиëсий ва иқтисодий дастак бериш ҳақида онт ичмасин, яқин йилларда Ўзбекистон-Хитой муносабатларида жиддий ўзгаришлар бўлажагини тахмин қилиш қийин эмаслигини таъкидлади.

Жума-шанба кунлари Тошкентда учрашувлар ўтказган Хитой бош вазири МОга расмий сафарини Туркманистонда давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG