Линклар

Партияларни билмаган халқ унинг номзодларини ҳам танимайди

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонда 23 декабрга белгиланган президент сайлови арафасида сайловга ўз номзоди билан қатнашиш истагини билдирган сиёсий партиялар бирин-кетин қурултойларини ўтказиб, номзодларни тасдиқламоқда.

Шу пайтгача “Фидокорлар”, “Адолат” ва “Миллий тикланиш” партиялари ўз номзодлари борасида бир тўхтамга келган эди. Душанба куни эса Халқ демократик партияси қурултойи қатнашчилари партиянинг Олий Мажлис қуйи палатасидаги фракцияси раҳбари Аслиддин Рустамов номзодини Ўзбекистон президентлигига илгари сурди.

Гўёки демократия белгиси сифатида тақдим этилаётган бу жараён кўплаб ўзбекистонликларни ишонтира олмаётган кўринади. Сайловчилар президент сайлови адолатли ўтишига катта шубҳа билан қараётганини айтмоқда.

Бухоролик Алижон ака “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “ўзбек халқи сайловлар ҳеч нарсани ҳал этмайди, деган қоидага кўникиб кетгани”ни билдирди.

Қашқадарёлик Фурқат ака эса: “Номзодларини илгари сураётган сиёсий партиялар вакилларини халқ танимаса, қолаверса, партияларнинг ўзи ҳақида ҳам халқ бир тушунчага эга бўлмаса, сайловнинг адолатли ўтишига ким ишонади”,- дея таъкидлади.

Москвада мардикорлик қилаётган ўзбекистонликларнинг бир гуруҳи таҳририятга қўнғироқ қилиб қилиб, улар номидан гапирган Бахтиёр ака ҳам: “Ислом Каримовдан бошқа номзодга овоз бермоқчимиз, лекин ундан бошқа номзодларни танимаймиз”,- деди хафа бўлиб.

Оддий сайловчиларнинг бу каби гапларида жон борлигига “Озодлик” билан суҳбатда ХДП матбуот хизмати вакили ҳам аниқ ишоратлар қилди.

Хуллас, ХДП бўлажак президент сайловига муносиб номзод сифатида илгари сурган А.Рустамов ҳам ХДПдан 2000 йилдаги президент сайловида номзод сифатида қатнашган Абдулҳафиз Жалолов сингари ўзини бошқа номзодларга рақиб, деб билмаслигини айтиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

“Мен сайлов хонасига кирмасданоқ овозимни амалдаги президентга бердим, чунки мен ўзимнинг овозим ҳеч нарсани ҳал этмаслигини билардим. Мен муқобил номзод эдим, холос, рақиб эмас”,- деган эди аввалги президент сайловида ХДПдан номзод бўлган Абдулҳафиз Жалолов.
XS
SM
MD
LG