Линклар

logo-print

Курд жангарилари Эронга кўчади

  • Замира Шукур

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашуви чоғида, асосан, Ироқ шимолидан туриб Туркияга қарши террор амалиëтлари ўтказиб келаëтган курд жангарилари масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Туркия ҳукумати бошлиғининг Вашингтонга сафари душанба куни бошланди. Мазкур сафар арафасида АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Оқ уй маъмурияти курд жангарилари муаммосини ҳал этиш учун лозим ҳаракатларни қўллашини ваъда қилган эди. Чунончи, К.Райс Анқарага қилган ташрифи давомида АҚШ ҳукумати халқаро террор гуруҳлари рўйхатига киритилган Курдистон ишчилар партиясига қарши курашни Туркия билан мувофиқлаштириш борасида разведка маълумотлари айрбошлашини билдирганди.

Террорчиларни илдизи билан йўқ қилиш вақт талаб этадиган иш эканини таъкидлаган Вашингтон дипломатлари раҳбари, шунингдек, Туркия раҳбариятини босиқ бўлиш ва Ироқ шимолига ҳарбий ҳужум қилишдан сақланишга чақирган эди.

Аммо расмий Анқара курд жангариларидан тоқати тоқ бўлганини таъкидлар экан, ўзининг бундан кейинги қарори кўп жиҳатдан президент Жорж Буш билан учрашув натижасига боғлиқ бўлажагини таъкидлаб келди.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Туркия бўйича таҳлилчиси Фади Ҳакура бундай огоҳлантирувнинг жиддий эканини айтади.

“Анқара Эрдўғон ва Буш учрашуви хулосаси нафақат ўзининг Курдистон ишчилар партияси жангариларига зарба бериш мақсадида Ироқ шимолига қўшин йўллаш-йўлламаслик қарори, балки Туркия-АҚШ муносабатлари келажагини ҳам белгилашини таъкидлади. Туркия парламенти депутатлари бу муждани очиқдан-очиқ, турк ҳарбийлари эса билвосита ўртага қўйди. Туркия ҳарбийларининг Ироқ шимолига кириш-кирмаслиги бевосита Эрдўғон-Буш учрашувида томонларнинг қандай тўхтамга келишига боғлиқ”,- дейди британиялик таҳлилчи.

Туркия ҳукумати АҚШдан Ироқдаги Курдистон мухторияти раҳбариятига босим ўтказиб, Курдистон ишчилар партиясининг минтақада жойлашган 3000дан ошиқ жангарисига қарши кескин чора кўришга ундашни талаб қилмоқда.

Курд жангариларининг кейинги ҳафталар ичида Туркия ҳудудларига ҳужум қилиб, ўнлаб аскар ҳаëтига зомин бўлгани Анқарани бу талабни кескин бир тарзда қайта кун тартибига қўйишга мажбурлади.

Вашингтонга ўз ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамроҳлигида сафар қилаëтган Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Жорж Буш билан учрашувнинг муаммони дипломатик йўл орқали ҳал этишга сўнгги уриниш экани ва АҚШдан аниқ ва жиддий ҳаракатлар кутилаëтганини билдирди.

Вашингтон учрашуви арафасида, якшанба куни Курдистон ишчилар партияси ўтган ойда ўғирлаб кетилган 8 турк аскарини озод қилди ва бу кузатувчилар томонидан АҚШнинг ўз таъсир воситаларини ишга солаëтгани белгиси сифатида баҳоланди.

Шундай бўлса-да, британиялик таҳлилчи Фади Ҳакура бу қадамнинг ўнлаб йиллардан бери ечимсиз қолаëтган муаммони ҳал этишга жиддий таъсир кўрсатмаслиги ва юзага келган ҳозирги кескинликни юмшата олмаслигини айтади.

“Бу иш Курдистон ишчилар партиясини яхшироқ томондан кўрсатиш мақсадида амалга оширилган бўлса-да, у Туркия нуқтаи назаридан муаммони илдизи билан ҳал эта олмайди. Бу муаммо замирида эса Курдистон ишчилар партиясининг Ироқ шимолидаги тоғлардан макон топгани ëтибди”,- дейди таҳлилчи.

Туркия ҳукумати курд жангариларини айнан шу ҳудудлардан сиқиб чиқаришга жиддий киришган айни кезларда Курдистон ишчилар партияси Туркияга қарши ўз кампаниясини бошқа фронтда кучайтираëтганига оид хабарлар пайдо бўлмоқда.

Партиянинг Туркия қамоқхонасида қолаëтган етакчиси Абдулла Ожаланнинг укаси Осман Ожаланнинг Буюк Британияда чиқадиган “The Independent” газетасига айтишича, Курдистон ишчилар партияси ўз жангариларининг асосий қисмини Ироқ шимолидан Эронга кўчиришга киришган.
XS
SM
MD
LG