Линклар

“Ўзбекистонда жамоатчилик фикри юқоридагиларнинг қош-қовоғига қараб шаклланади”

  • Замира Шукур

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг 90 фоиздан кўпроғи мамлакат президенти Ислом Каримовнинг 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги фармонини қўллаб-қувватлайди.

“Интерфакс” ахборот агентлиги тарқатган бу маълумот Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўнгги сўров натижасига асосланган.

“Президент фармони ўзбекистонликлар томонидан жиддият билан қарши олинган. Респондентларимиз бу фармон Ўзбекистонда жиноят учун инсоний ва либерал жазо бериш тизимини яратишга ëрдам беради, деган фикрда якдилдир”,- дейилади марказ баёнотида.

Ўзбекистонликларнинг ўлим жазосига муносабатини президент қарор чиқариб, Олий Мажлис тасдиқлаб бўлганидан сўнг ўрганишнинг нима кераги бор эди? Нега бугун аксарият ўзбекистонликлар ўлим жазоси бекор қилинишини ëқламоқда, ваҳоланки бундан уч йил аввал президент Олий Мажлис минбаридан туриб, бунинг тескарисини айтган эди-ку?

“Ижтимоий фикр” марказидан бу каби саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

2004 йил 8 декабрда Олий Мажлисда маъруза қилган И.Каримов ўзи ўлим жазосидан воз кечиш керак, деб ҳисоблашини, аммо президент сифатида жамоатчилик фикрини инобатга олишга мажбурлигини, жамоатчиликнинг аксари эса ўлим жазосини сақлаб қолиш тарафдори эканини таъкидлаганди.

Орадан қарийб 3 йилча вақт ўтиб, Ўзбекистонда 23 декабрга белгиланган президент сайловига ҳозирлик жараëни авжга кирган, президентликка асосий даъвогар эса яна айнан И.Каримов бўлиб турган бир пайтда жамоатчилик фикри тўсатдан президент фикрига тўла мос тушди.

Жамоатчилик фикрида уч йил ичида юз берган бундай кескин ўзгариш сабаби қаерда?

“Жамоатчилигимиз фикри тепадагиларнинг қош-қовоғига қараб шаклланади. Тепадан ўзгар деса, бу фикр дарҳол ўзгаради. Агар жамоатчилик деганда халқни назарда тутишаëтган бўлса, шахсан мен ўлим жазоси ҳақида бировдан фикр сўралганини кўрганим йўқ”,- дейди ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Унинг айтишича, аслида ҳозир одамларнинг ўлим жазоси билан умуман иши йўқ. Улар фақат тирикчилик ташвиши билан яшаётир.

“Бир қоп ун 50 мингдан ошиб кетган бир замонда ҳамма қорнини қандай тўйғазиш пайида юрибди. “Ижтимоий фикр”нинг доимий респондентлари бор, сўров ҳам одатдагидай шулар орасида ўтказилган бўлса керак”,- дейди Руҳиддин Комилов.

Ҳуқуқшунос айтган каби халқни “Ижтимоий фикр” ўз ҳисоботида суд-адлия тизимидаги йирик ислоҳотлар, деб тақдим этилаëтган ўлим жазосининг бекор этилиши-ю, санкция бериш ваколати прокуратурадан судларга олиб берилиши кўп ҳам қизиқтирмаëтган бўлиши мумкин. Аммо Ўзбекистон раҳбариятининг 2008 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш қарори халқаро майдонда олқиш билан қарши олинди.

1977 йилдан бери жаҳон бўйлаб ўлим жазоси бекор қилиниши учун курашиб келаëтган “Халқаро амнистия” ташкилоти расмийси Анна Сандер Пласман Ўзбекистоннинг бу қарорини ижобий баҳолади.

“Биз Ўзбекистондаги адлия тизими жиддий нуқсонларга тўла эканини яхши биламиз. Судлар қийноқ асосида олинган иқрорлар билан ўтади, бутун адлия тизимида порахўрлик урчиб кетган ва ҳукм чиқарилар экан, унда жиддий хатоликларга йўл қўйиш эҳтимоли жуда катта. Шундай шароитда ўлим жазоси бекор этилишини ижобий қадам, деб баҳолаймиз”,- дейди Пласман.

Наманганлик 16 ёшли Гулбаҳорнинг “Ижтимоий фикр” маркази борлиги-ю, у ўзбекистонликларнинг ўлим жазосини бекор этиш ҳақидаги президент фармонига муносабатини ўрганиш учун махсус сўров ўтказганидан ҳам хабари йўқ. Аммо у инсоний қадриятлардан келиб чиқиб, ўлим жазоси бекор этилиши лозимлигига ишонади.

“Мен ўлим жазосига қаршиман. Чунки ҳаммаям яшашни хоҳлайди. Қандайки жиноят қилмасин, одамни ҳаëтдан жудо этиш тўғри эмас. Инсонийлик нуқтаи назаридан шундай қилиш керак, деб ўйлайман”,- деди Гулбаҳор.

“Ижтимоий фикр” марказининг ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан ошиғи президентнинг ўлим жазосини бекор этиш ҳақидаги фармонини қўллаши ҳақидаги ҳисоботи эса, Гулбаҳор ва бошқа кузатувчилар фикрича, 23 декабрдаги сайловдан аввал Ислом Каримов ва у қабул қилаëтган қарорларнинг халқ орасида қанчалик машҳурлигини айни шу халқнинг ўзига, қолаверса, қолган дунëга кўз-кўз қилиш уринишидан ўзга нарса эмас.
XS
SM
MD
LG