Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:11

Тожикистон ўз фуқароларига Ғарбдан иш топмоқчи


Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларини АҚШ, Канада каби тараққий этган давлатларда иш билан таъминлаш учун мазкур мамлакатларнинг тегишли идоралари билан ҳамкорлик қилиш йўлларини қидирмоқда.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги вакили Абдулло Қодирий ҳозирча бу режа АҚШ ва Канада фуқаролигини олган тожикистонликлар ва уларга тегишли хусусий ташкилотлар орқали амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Бизга бу таклифни АҚШ ва Канада фуқаролари бўлган ватандошларимиз билдирди ва вазирлигимиз уни ижобий қабул қилди. Айни пайтда вазирлигимиз бу давлатларнинг тегишли идоралари ва тожикистонликларга иш берувчи хусусий ташкилотлар раҳбарлари билан уч томонлама шартнома тузиш тараддудида”,- деди Абдулло Қодирий.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири биринчи ўринбосари Анвар Бобоев айни пайтда Россияга қатнаб турган тожик фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қайддан ўтиши ва шу каби масалаларда ўз ечимини топмаган муаммолар мавжудлигини таъкидлади.

“Албатта, АҚШ ва Канадада қонун устиворлиги борлиги сабабли у ердаги меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва шарт-шароитлари Россиядагига нисбатан дурустроқ. Фуқароларимизни иш билан таъминлаш масаласида бу давлатлар билан тўлиқ келишувга эришилгач, кўнгиллиларни ўша ерларга жўнатиш бошланади”,- деди А.Бобоев.

Парвиз Шодмонов шу кунларда Россиянинг Калининград вилоятида яшаш ва ишлаш тараддудида юрибди.

Унинг айтишича, Россия ва Тожикистон ўртасида меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоялашга доир турли ҳужжатлар имзоланаётган эса-да, муҳожирларнинг хўрланиши, калтакланиши ва ҳатто ўлдирилиши ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

“Албатта, Америкада ишлашни истар эдим. Чунки бу давлат қонунлари Россия қонунларидек қоғозларда қолмайди. Аммо унутмаслик керакки, Тожикистонда ҳамма иш пора билан битади. АҚШ ва Канада каби давлатларга бориб ишлаш учун амалдорларимизга у ерда топадиган камида икки йиллик даромадни олдиндан пора сифатида бериш керак бўлади”,- деди Парвиз.


Мустақил таҳлилчилар Тожикистоннинг Ғарб давлатлари билан меҳнат муҳожирлигига оид ҳамкорлиги ижобий натижалар бериши учун уларга тайёр кадрлар юборилиши зарурлигини уқтирмоқда.

“Ғарбда қонунлар талаблари Россиядагига қараганда янада қаттиқроқ. У ерда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Тил ва маҳаллий қонунларни пухта билиш талаб этилади. Бундай талабларга жавоб бермайдиган кишилар муҳожирликда жиддий муаммоларга учраши табиийдир”,- дейди таҳлилчи Тожиддин Восиев.
XS
SM
MD
LG