Линклар

logo-print

Газеталар расмийлар савдосига кўнди


Қозоғистонда ўтган ҳафтада фаолияти чеклаб қўйилган мухолифат руҳидаги йирик газеталар раҳбарлари расмийлар билан учрашиб, уларнинг шартларига кўнганидан кейин нашрлар чоп этилишига яна рухсат берилди.

Мухолифат руҳидаги бир неча газетага ноқонуний фаолият кўрсатиш ва солиқдан қочиш айблари илгари сурилган эди. Бироқ уларнинг ўзи мамлакат президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев томонидан ҳукумат ва шахсан Нурсултон Назарбоевга қарши компроматлар чоп этилишининг олдини олиш мақсадида расмийлар уларга шу йўл билан тазйиқ ўтказаётганини билдирганди.

Қозоғистон маданият ва ахборот вазири Ермуҳамбет Ертисбоев мазкур газеталар бош муҳаррирлари билан учрашганидан сўнг нашрлар раҳбарлари фаолияти тикланиши эвазига расмийлар шартларига кўнгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Газеталар Р.Алиев томонидан тақдим этилган материалларни, жумладан, у билан интервьюларни чоп этмаслик шартига кўнган. Баъзи маҳаллий кузатувчилар буни бош муҳаррирлар ва расмийлар ўртасидаги ўзига хос савдо сифатида баҳоламоқда.

Мухолифат руҳидаги энг йирик “Свобода слова” газетаси бош муҳаррири Гулжон Ергалиева сўзларига кўра, у маданият ва ахборот вазирига ўз газетаси Р.Алиевга ўзини оқлаши учун сўз бермаслигини ваъда қилган. Шу орқали ўтган ҳафтада ўқувчилар қўлига етиб бормаган “Свобода слова”нинг бу ҳафтада яна сотувга чиқиши имконияти пайдо бўлган.

Фаолияти тўхтатилган “Республика” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Галина Дирдина эса бош муҳаррир ундан ҳозирча бу масалада изоҳ бермай туришни сўраганини маълум қилди.

Маданият ва ахборот вазирининг мухолифат руҳидаги газеталар бош муҳаррирлари билан учрашувида қатнашган “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина расмийлар билан ўзаро келишувга эришилганини тасдиқлади.

“Ҳозирча газеталар шахсан Роҳат Алиевдан келиб тушаётган маълумотлар, компроматларни чоп этмасликка сўз берди. Ҳозир энг муҳими, нашрлар ёпилиши эмас, балки маъмурлар шартларини қабул қилиб, фаолиятини давом эттиришидир”,- дейди Р.Таукина.

Фаолияти тақиқланган “Инкар.инфо” мустақил Интернет радиоси бош продюссери Сергей Дуванов матбуот вакилларининг маъмурлар билан бу келишувини маъқулламади.

“Маъмурларнинг ҳар қандай қўрқитув ва шартларидан қатъи назар, радиомиз ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Р.Алиев жамоатчиликка ошкор қилаётган копроматларда жон бор ва ҳақиқий журналист бу борада холисликни сақлаган ҳолда уларни жамоатчиликка ошкор қилмоғи керак. Биз Р.Алиев тақдим этаётган маълумотларни ўз эфиримизда бериб борамиз”,- деди С.Дуванов.

Унинг таъкидлашича, расмийларнинг Р.Алиев тарқатаётган компроматлардан хавфсираб, мухолифат руҳидаги матбуотга босим ўтказиши амалдорларнинг ақлсизлиги белгисизир.

“Чунки фаолиятига қанча тўсиқ қўйма, барибир ўқувчи қўли етиб борадиган Интернет майдони Р.Алиевнинг ихтиёрида қолмоқда”,- дейди С.Дуванов.
XS
SM
MD
LG