Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:19

Намойишчилар Мюнхендан маънавий рағбат олди


Беш кундирки, Грузия пойтахти Тбилисида мамлакат президенти Михаил Саакашвилининг истеъфосини талаб қилаётган мухолифатнинг кўп минг кишилик норозилик намойишлари давом этмоқда.

Мухолифат етакчиларидан бирига айланган собиқ мудофаа вазири, Грузияни тарк этишга қарор қилган Ираклий Окруашвили Германиянинг Мюнхен шаҳридан ўз тарафдорларига йўллаган видеомурожаатида М.Саакашвилини порахўрлик ва сиёсий қотилликларда айблади ва бу айблар ҳақиқат экани ҳақида онт ичди. Шунингдек, у президентни “атиргул инқилоби” замонида берилган ваъдаларга хиёнат қилганликда айблади.

“Миша, сен жуда катта хато қилдинг. Ҳокимиятда саноқли кунларинг қолди ва халқ устингдан аллақачон ҳукм чиқариб бўлди. Сен Грузия тарихига энг адолатсиз, энг бетутуруқ, энг порахўр ва энг зулмкор президент сифатида кирасан. Грузия президентларидан бирортаси, ҳатто Эдуард Шеварднадзе ҳам тарихга бу каби қора ном билан кирмаган эди”,- деди И.Окруашвили.

“Саакашвилисиз Грузия” мухолифат ҳаракатига асос солганидан сўнг порахўрликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган И.Окруашвили амалдаги президентга қўйган айбларини жамоатчилик олдида қайтариб олгач, 6 миллион доллар товон пули ва мамлакатни тарк этмаслик шарти билан ҳибсдан чиқарилган эди. Аммо озодликка чиқиши ҳамоно Грузияни тарк этган И.Окруашвили М.Саакашвилига қўяëтган барча айбловлар ҳақиқат эканини яна бир бор таъкидлади.

“М.Саакашвилига қарши келтирганим барча фактлар, барча айблар, у ҳақда айтганларимнинг бари ҳақиқатдан бошқа нарса эмас. Аммо бугун Грузияда ҳукм сураëтган адлия тизими остида буни исбот қилишга имконим йўқлиги табиийдир”,- деди видеомурожаатида И.Окруашвили.

И.Окруашвилининг мазкур мурожаати Тбилиси марказида тўпланган минглаб намойишчиларга жонли тарзда олиб кўрсатилди ва М.Саакашвили истеъфосини талаб қилаëтганлар руҳини кўтариб юборди.

Тбилиси расмийлари И.Окруашвилидан дарҳол мамлакатга қайтиш ва суд олдида жавоб беришни талаб қилмоқда, акс ҳолда 6 миллион долларлик товон пули давлат ҳисобига ўтказилишидан огоҳлантирмоқда.

М.Саакашвили намойишчилар олдига чиқиш ва улар талабига бўйсунишдан бош тортмоқда. Уч кунлик йирик намойишлардан сўнг телеведение орқали халққа мурожаат қилган президент ҳокимиятдан кетиш нияти йўқлиги ва 2008 йилда яна бир бор президентлик учун беллашажагини билдирди.

Шунингдек, у мухолифатнинг ҳозирги намойишларини 2003 йил ноябрдаги “атиргул инқилоби”нинг беўхшов тақлиди, дея атади.

Тбилиси расмийлари И.Окруашвили ортида гуржи олигархи Бадри Патаркацишвили тургани ва Россия кўмагида М.Саакашвилига қарши ëлғон машинасини бошқараëтганини таъкидламоқда. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса М.Саакашвилининг бу каби айбловларини муносабат билдиришга ҳам арзимас, дея баҳолади.

“Табиийки, биз Грузияда бўлаëтган воқеалардан ташвишдамиз. Мен бу сиëсатчининг баëнотларига шарҳ беришни истамайман. Менимча, бугунги грузин раҳбарияти атрофидаги фарс ҳаммага аëн ва бу ҳақда гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Мен грузин халқининг яхшироқ келажакка лойиқлигига ишонаман ва улар бу борада Россия кўмагига орқа қилса бўлади”,- деди С.Лавров.

Афтидан, Кремль Грузияни постсовет ҳудуддаги энг аксилроссия ва ғарбпараст ҳамда натопараст давлатга айлантиришга уринган М.Саакашвили билан ҳисобни тўғрилаб қўйиш фурсати келганини яширишга ҳам уринмаëтган кўринади.
XS
SM
MD
LG